Жамият | 22:10 / 20.01.2021
6250
3 дақиқада ўқилади

Ёш ижодкорлар муаллифлигидаги 15та янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

20 январ куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тадбирлар залида ўзбекистонлик 15 нафар ёш ижодкорнинг чоп этилган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. 

Фото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Kun.uz мухбирига кўра, Ёзувчилар уюшмасининг «Биринчи китобим» лойиҳаси доирасида ўтган тақдимотда ёзувчи, шоир, драматург, адабиётшунос олимлар, таржимон ва ёш ижодкорлар қатнашган.

Тадбир давомида уюшма раиси Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб, илк тўпламларни нашр қилишда нималар эътиборга олингани ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, илк тўплами чоп этилган ижодкорлар 2018 йилда Зомин семинарида қатнашган, ижодий ишлари юқори баҳоланган, шунингдек, вақтли матбуотда асарлари доимий равишда чоп этиб келинаётган умидли ёшлар ичидан саралаб олинган.

«Бу жараёнда устоз адибларимиз йўналишлар бўйича ёш ижодкорларнинг асарлари билан яқиндан танишишди. Уларнинг фикрлари асосида шеърият, наср, бадиий публицистика ва драматургия бўйича жами 15 нафар ижодкорнинг асарлари танлаб олинди», – деди уюшма раиси.

Тақдимот давомида Маҳлиё Умрзоқованинг «Туйғулар алангаси», Анвар Ботирнинг «Улғайиш», Бобур Ҳамронинг «Широқнинг қайтиши», Яҳё Фаёзнинг «Бахтимизнинг зар туморлари», Юлдуз Ўрмонованинг «Уйғоқ юлдузлар», Мирзоҳид Музаффарнинг «Фош», Акмал Турсуновнинг «Бургутқоя», Раҳмат Бобожоннинг «Изтироб шивири», Анвар Аллабергановнинг «Гуллаётган чечаклар», Бек Алининг «Мен ахир сенман», Асрор Солижоннинг «Севгиранг нигоҳ», Мадина Норчаеванинг «Кафтдаги йўл», Азизбек Норовнинг «Эйнштейн жумбоғи», Рахшона Аҳмедованинг «Орзу ва денгиз» ҳамда Абдурауф Зокировнинг «Она замин» китоблари биринчи тўплам сифатида ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.

Тадбир давомида адабиётшунос, шоир ва драматурглар сўзга чиқиб, илк тўплами нашр қилинган ижодкорларни табриклаган, ижодларини таҳлил қилган ҳолда улардаги энг катта камчилик китоб ўқимаслик, катта ёзувчи ва шоирларнинг ижоди билан таниш эмасликларини танқид қилган.

Маълум бўлишича, «Ижод» жамоат фонди томонидан молиялаштирилган лойиҳада ҳар бир муаллифнинг китоби «Adabiyot» нашриётида 10000 нусхадан чоп этилган.

Маросим давомида тўплам муаллифларига қалам ҳақи ва ўз китоблари ҳам топширилган.

Мавзуга оид