Ўзбекистон | 13:53 / 23.01.2021
21748
2 дақиқада ўқилади

«Андижон - Тошкент» поезди йўловчилари вагонлар совуқ эканини маълум қилди, «Ўзбекистон темир йўллари» изоҳ билан чиқди

Бугун, 23 январ куни, соат 6:15да "Андижон-Тошкент" йўналиши бўйича йўлга чиққан поездда шароит йўқлиги ва талайгина муаммолар борлиги учун йўловчилар арз қилишмоқда.

"Вагонлар совуқ бўлгани учун барча йўловчилар иссиқроқ ўраниб ўтирибди. Уларнинг кўпчилиги исиниш учун кафе-ресторанга кириб олган. Вагон ходимлари эса ушбу муаммоларни техник носозлик, деб баҳона қилмоқда. Билишимизча, бундай ҳолат ҳар кунги қатновларда кузатилмоқда", - дейди йўловчилардан бири.

"Қор ёғиб, йўлларда музламалар ҳосил бўлган кунларда аҳолининг поезд қатновига эҳтиёжи ортиб кетади. Шундай экан, нима учун мутасаддилар бунга етарли даражада тайёргарлик кўриб қўймаган? Қачон поездда иситиш тизими соз ҳолатга келтирилади?", - дейди Kun.uz’га мурожаат қилган яна бир фуқаро.

Вазиятга изоҳ олиш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати билан боғландик.

“Чиндан ҳам бундай муаммо кузатилди. Бунга сабаб об-ҳавонинг кескин совиши бўлиб, йўловчилар орасида темирйўл хизматига талаб ошди. Вазиятдан келиб чиқиб, поездларга зудлик билан қўшимча иккита вагон қўшилди. Андижондан қайтишда поезднинг иситиш тизими яхши ишламади. Йўловчиларни бошқа вагонларга ўтказиш чоралари кўрилди ва уларга йўл давомида чой, қаҳва каби ичимликлар тарқатилди. Бу муаммо кейинги рейсга қадар бартараф қилинади”, – деди жамият матбуот котиби Алишер Болтабоев Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Мавзуга оид