Жаҳон | 16:10 / 24.01.2021
19745
1 дақиқада ўқилади

АҚШ Жанубий Хитой денгизига авиазарба берувчи гуруҳ жўнатди

Тайван ҳукумати Хитойнинг саккизта бомбардимончи ва тўртта қирувчи самолёти Тайван жануби-шарқига киргани ҳақида хабар қилди.

Фото: MC2 Kaila V. Peters/US Navy

Пентагон Жанубий Хитой денгизига "Теодор Рузвелт" авиаташувчи кемаси бошчилигидаги авиазарба берувчи гуруҳни жўнатди. Бу ҳақда The Japan Times газетаси хабар бермоқда.

 АҚШ қуролли кучлари Ҳинд-Тинч океани қўмондонлигининг билдиришича, гап АҚШ 7-флоти кучларининг режалаштирилган жойлашуви тўғрисида бормоқда.

 АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари гуруҳи Лусон бўғозини шанба куни кесиб ўтди. Шу куни Тайван ҳукумати Хитойнинг саккизта бомбардимончи ва тўртта қирувчи самолёти Тайван жануби-шарқига киргани ҳақида хабар қилди.

 АҚШ давлат департаменти Хитойни Тайванга турли босимлар ўтказишни тўхтатишга чақирди.

Давлат департаменти вакили Нед Прайснинг сўзларига кўра, АҚШ "бундан буён ҳам Тайван бўғози билан боғлиқ масалаларни тинч йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлашда давом этади".

Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон Тайванга мудофаа салоҳиятини етарлича даражада сақлаб туришга ёрдам беради.

Мавзуга оид