Жаҳон | 23:20 / 24.01.2021
3010
2 дақиқада ўқилади

Исроил коронавируснинг янги турлари сабабли бир ҳафтага халқаро авиаалоқани тўхтатади

Исроилда коронавируснинг юқумлироқ янги мутациялари тарқалиши сабабли халқаро авиаалоқани тўхтатишга қарор қилинди. Авиаалоқа 26 январдан 31 январгача тўхтатилади.  

Фото: Ariel Schalit / AP

Ушбу қарорни вазирлар маҳкамаси маъқуллаган.

“Биз дунё бўйича энг олдиндамиз. Бирорта миллат биз қилмоқчи бўлган ишни қилмаган – биз мамлакатни тақа-тақ ёпамиз”, деб айтган ҳукумат йиғилишида бош вазир Бинямин Нетаняху.

Шу билан бирга, ушбу тақиқлов хориждан келувчи юк самолётлари ва тез тиббий ёрдам хизматлари парвозларига тааллуқли бўлмайди. Исроилдан бир қатор ҳолатлар бўйичагина учиб кетиш мумкин бўлади: хорижда даволаниш, масофадан бажариш мумкин бўлмаган иш бўйича, суд тафтишларида иштирок этиш, оила аъзоларининг дафн маросимида иштирок этиш учун ёки кўчиб ўтиш ҳолатида.

Ушбу қарорни энди парламентнинг иқтисодиёт ва конституция масалалари бўйича комиссияси маъқуллаши керак. 

Исроилда 8 январдан бери қатъий карантин амал қилиб келмоқда. Аҳолига ўз яшаш жойларини тарк этиш, бир хонада 5 кишидан ва очиқ ҳавода 10 кишидан кўпроқ бўлиб йиғилиш тақиқланган. Бундан ташқари, фуқаролар уйларидан заруратсиз бир километрдан кўпроқ масофага узоқлаша олмайдилар. Акс ҳолда уларга 500 шекел (150 доллар) миқдорида жарима солиниши мумкин. Карантин 31 январгача давом этади. 

Аввалроқ Исроилда коронавируснинг янги штамми аниқлангани маълум қилинганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид