Жаҳон | 14:46 / 25.01.2021
7673
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ОАВларида Навоий вилоятидаги сайёҳлик масканларига бориш тарғиб қилинади

22-23 январ кунлари Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Навоий вилояти Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида Навоий, Хоразм ва Тошкент вилоятларига инфотур ташкил этилди.

Қозоғистоннинг туризм соҳасидаги вазирлик ва ассосациялари раҳбарларидан иборат делегация вакиллари Навоий вилоятининг туристик салоҳияти билан танишди. Меҳмонлар Нурота туманидаги Чашма комплекси ва қозоқ халқининг буюк аждодларидан бири бўлган Айтеке Бий зиёратгоҳи, Конимех тумани «Конимех экопарк» дам олиш маскани, Кармана туманидаги Ориф Деггороний, Қосим Шайх, Мирсаид Баҳром, Қизилтепа туманидаги Тош масжид маданий мерос объектларида бўлишди.

24 январ куни Навоий вилояти хокимлиги ва Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги қошидаги Туризмни ривожлантириш халқаро ҳамкорлик департементи ўртасида зиёрат туризмини ўзаро ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, тадбир доирасида Навоий вилоятида фаолият олиб бораётган туркомпаниялар ва Қозоғистоннинг йирик туристик компаниялари ўртасида ҳам икки томонлама ҳамкорлик келишувларига эришилди, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳам меморандумлар имзоланди.

Мазкур меморандумга кўра:

– Навоий вилоятига доимий тарзда қозоғистонлик саёҳларнинг ташрифини ташкил этиш мақсадида Қозоғистон ОАВларида Навоийдаги сайёҳлик масканларига бориш тарғиб қилинади;

– Навоий ва Қозоғистоннинг йирик шаҳарлари ўртасида доимий авиақатновлар йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилади;

– Навоийда ташкил қилинадиган халқаро тадбирларда (туристик ярмаркалар, кўргазмалар, фестиваллар) қозоғистонликларнинг доимий иштироки таъминланади. Шунингдек, ички туризмни ривожлантириш йўналишида Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида истиқомат қилаётган қозоқ диаспораси вакиллари ҳам мазкур тадбирларга жалб қилинади;

Ҳар йили 18 май санасида Айтеке Бий зиёратгоҳида бўлиб ўтадиган тадбир кўлами кенгайтирилади;

Навоий вилояти ёшлари ҳамда Қозоғистоннинг фаол ёшлари ўртасида Навоий вилоятида халқаро ёшлар форуми ташкил этилади;

– Қозоғистон киночилари билан ҳамкорликда Навоий вилоятининг тарихий масканлари ва Айтеке Бий тўғрисида ҳужжатли фильм тайёрланади;

Ҳужжатни имзолаш маросимида Навоий вилояти кўп миллатли ҳудуд экани, Томди, Конимех ва Учқудуқ туманларининг аксарият аҳолиси қозоқ ва қорақалпоқ миллатига мансублиги, уларнинг ҳар бири ўз маданияти, урф-одати, анъаналарига эгалиги, миллатлараро дўстлик ва тотувлик барқарорлиги таъкидланди. Келгусида ушбу ҳамкорлик вилоятдаги зиёрат объектларига Қозоғистон маҳаллий аҳолисидан иборат туристларнинг қизиқишлари кўламини ошириш, саёҳатчилар оқимини кенгайтириши билан аҳамиятли экани айтилди.

Тадбир якунида Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги қошидаги Туризм департаменти халқаро ҳамкорлик бошқармаси раҳбари М.Тулебаев ҳамда «Ўзбекистон» туристик брендининг Қозоғистондаги элчиси Л.Ахановага Навоий вилояти ҳокими Қобил Турсунов томонидан «Навоий вилоятининг Қозоғистондаги фахрий туризм элчиси» мақоми берилди.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид