Саксовулзорлар, тўқайзорлар оралаб борарканмиз, сўраб-сўраб Маккани топибди, деганларидек, биз ҳам сўрай-сўрай Қизилўзак овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилиб келувчи онахон – Жузимгул момо Алимбетованинг уйларига кун асрдан оққанда етиб келдик.
Одатга кўра, хайрли дуодан сўнг, ҳол-аҳвол сўраб, қишнинг совуқ кунларини қандай ўтказаётганларига қизиқамиз.
Овулга газ қувурлари 1993 йилда тортилган ва бир вақтлар унда зангори олов оққан, аммо табиий газ берилмаётганига 10 йиллар бўлган.

«Газ баллонлари бир ойдан ўтганда, бир ярим ойда бир етказилади», – дейди Жузимгул момо.
74 ёшни қоралаб қолган момо 4 ўғил, 3 қизни тарбиялаб вояга етказган. Қизларини узатиб, ўғилларини уйлантирган. Собиқ иттифоқ даврида Октябрь совхозида шоли етиштирилган.
Момонинг 4 ўғли ҳам фермерлар қўлида ишчи. Бир қизидан 1-гуруҳ ногирон қиз невараси бор.

«Телевизорда кўрамиз, байрамларда ногиронларнинг ҳолидан бориб хабар олишади. Яқинда ногиронлар куни ҳам бўлди. Аммо бизнинг бу ерларда хабар олишмайди-да. Ногироннинг ўзи билмаса ҳам қараб турганнинг кўнгли кўтарилиб қолади-да. Ҳеч бўлмаса, туман марказий шифохонасидан шифокор йилига бир марта келиб, хабар олиб кетса ҳам майли эди. Аксинча, шифокор ўзини олиб келинг, дейди. Лекин овулдаги патронаж шифокор келиб туради», – дейди Жузимгул момо.
«1999 йилда турмуш ўртоғим вафот этди, 7 фарзандни уйли-жойли қилиш ташвиши мени қаритиб қўйди. Аллоҳнинг инояти билан ишладим, тер тўкдим, ҳаммасидан қутулдим. Катта ўғлимнинг икки фарзанди қолганди. Уларни ҳам уйли-жойли қилдим. Уларнинг икки нафардан фарзандлари бор. 26 невара ва 7 чеварам бор», – дейди момо.

75 хўжалик яшайдиган овулда бошланғич мактаб бор. Овул болалари 5-синфдан бошлаб 7 км узоқликдаги бошқа мактабга қатнай бошлайди. Мактабга бориш учун эрталаб соат 7да йўлга чиқилади. Қайси бир ўқувчи пиёда, бошқаси велосипедда, яна кимдир эшакда мактабга қатнайди.













