18:47 / 26.01.2021
6499

Эрон мамлакатда электр энергияси оммавий ўчиб қолишида криптовалюта фермаларини айбламоқда

Эрон криптовалюта фермалари томонидан электр энергияси энг кўп истеъмол қилинадиган мамлакатлар ўнталигига киради – суткасига 450 мегаватт.

Фото: Ebrahim Noroozi/AP Photos

Эрон ҳукумати мамлакатда электр энергияси оммавий ўчиб қолишида криптовалюта фермаларини айблади. Бу ҳақда Business Insider хабар бермоқда.

Пойтахт Теҳроннинг катта қисми, Машҳад, Табриз ва Урмия каби йирик шаҳарлар бир неча марта электрсиз қолди.

АҚШ Эронга қарши санкцияларни тиклаганидан сўнг криптовалюта мамлакатда санкцияларни четлаб ўтиш воситасига айланди ва бу биткойн кескин оммавийлашишига сабаб бўлди. Натижада минглаб ноқонуний криптовалюта фермалари пайдо бўлди.

Эрон криптовалюта фермалари томонидан электр энергияси энг кўп истеъмол қилинадиган мамлакатлар ўнталигига киради – суткасига 450 мегаватт.

Ҳукумат криптовалюта ишлаб чиқарувчиларни электр тармоқларини зўриқтириш ва бутун мамлакат бўйлаб электр ўчишида айбламоқда.  

Аввалроқ Эронда 1600та ана шундай марказ ёпилганди. Tavanir давлат электр энергия компанияси электр ўчиши сабабли йирик Эрон-Хитой биткойн-фермасини ёпишга мажбур бўлган.

Top