Жамият | 21:44 / 26.01.2021
12976
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда ЙПХ ходимлари ва ҳайдовчи ўртасида бўлиб ўтган тортишув бўйича хизмат текшируви тайинланди

Самарқандда ЙПХ ходимлари ҳамда ҳайдовчи ва унинг ҳамроҳи ўртасида келиб чиққан тортишув бўйича хизмат текшируви ўтказилади. Текширув якуни бўйича батафсил маълумот берилади.

Фото: Видеодан кадр

Кеча, 25 январ куни ижтимоий тармоқларда Самарқандда йўл-патруль хизмати инспекторлари ҳамда ҳайдовчи ва унинг ҳамроҳи ўртасида юзага келган тортишув акс этган видеолавҳа тарқалди.

Видеолавҳа ҳайдовчининг ёнида ўтириб келаётган ҳамроҳи томонидан суратга олинган ва у «Мана, 30 W 575 LA рақамли шахсий машинасида ЙПХ ходимлари бизни қисиб тўхтатяпти» деган сўзлар билан бошланади.

Видеолавҳанинг давомида, ЙПХ ходими келиб ҳайдовчидан ҳужжат сўрайди. Ҳайдовчи ва унинг ҳамроҳи эса машинадан тушиб «Бизни қисиб тўхтатишга ҳаққингиз йўқ. Биз музлама устига чиқиб кетдик» дейди. Шу тариқа, ЙПХ ходимлари ҳамда ҳайдовчи ва унинг ҳамроҳи ўртасида тортишув келиб чиқади. Тортишувда ҳайдовчи ва унинг ҳамроҳи ЙПХ ходимларига «Бизни йўл четидаги музлаган жойга қисиб тўхтатдинглар, бу мумкинми?» деб сўрайди. ЙПХ ходимлари эса қисиб тўхтатмаганини айтади ва йўл четидаги музлаган ер ҳам машина ҳаракатланадиган жой эканлигини айтади. Ҳайдовчи ва унинг шериги эса ЙПХ ходимлари уларни қисган пайтда иккита машина бир-бирига текканини ва бунинг оқибатида хавфли йўл транспорт ҳодисаси содир бўлиши мумкинлигини айтади. ЙПХ ходимлари эса уларни қисиб тўхтатмагани ва иккита машина бир-бирига тегмаганини, улар халқ хизматида юрганини айтади.

Видеода оёқ остидаги музламани ва иккита машина бир-бирига тегиб кетганда бирининг бўёғи иккинчисига суртилиб қолган жойни кўриш мумкин.

Видеолавҳада ҳодиса қаерда бўлиб ўтгани ҳақида айтилмаган. Бундан бир неча кун олдин бўлиб ўтган ёғингарчилик кунларда вилоятнинг Самарқанд, Тойлоқ, Ургут, Булунғур, Жомбой каби туманларида қор жуда кам ёғди. Видеода эса йўл четида қалин қор кўриняпти. Вилоятнинг Навоий вилояти билан чегарадош туманларида ана шундай қалин қор ёққан эди, ҳодиса ўша тарафлардаги йўлларда содир бўлган бўлиши мумкин.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳодиса бўйича муносабат билдирди. Унда маълум қилинишича, ҳолат бўйича хизмат текшируви тайинланган. Текширув якуни бўйича батафсил маълумот эълон қилинади.

Мавзуга оид