21:22 / 27.01.2021
4232

2020 йилда 9 триллион сўм ҚҚС салбий фарқ суммалари бюджетдан қоплаб берилган

2020 йилда тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашларига шароит яратиш, айланма маблағларини кўпайтириш мақсадида 5,8 мингта субъектларга 9 триллион сўм қўшилган қиймат солиғидан салбий фарқ суммалари бюджетдан қоплаб берилган.

27 январ куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» давлат дастурининг 2020 йилда бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.

Палата матбуот хизмати хабарига кўра, мажлисда карантин даврида тадбиркорларга солиқ тўловлари борасида енгиллик бериш борасидаги имтиёзлар тўғрисида ҳам сўз борган.

Маълум қилинишича, ҳисобот даврида тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашларига шароит яратиш, айланма маблағларини кўпайтириш мақсадида 5,8 мингта субъектга 9 триллион сўм қўшилган қиймат солиғидан салбий фарқ суммалари бюджетдан қоплаб берилган.

Карантин даврида тижорат банклари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг 26,5 триллион сўмлик кредитлар бўйича тўловларининг муддатлари 2020 йил 1 октябрга қадар узайтирилган.

Шунингдек, мажлисда мамлакатнинг 2020 йилдаги ялпи ички маҳсулоти бўйича ҳам муҳокамалар бўлган. Хусусан, ўтган йили ЯИМнинг ўсиши 2019 йилга нисбатан 101,6 фоизни, шундан, саноат — 100,7 фоизни, хизматлар — 102,3 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги — 103,0 фоизни ташкил қилган.

Ҳисобот даврида 9,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестициялар ўзлаштирилгани маълум қилинган. Бунинг 7 миллиард АҚШ доллари тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар, 2,8 миллиард доллари халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.

2020 йилда ялпи экспорт ҳажми 15,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. 2,7 мингга яқин янги корхоналар экспорт фаолиятига жалб қилинган, 210та янги турдаги маҳсулотлар ҳамда айрим товар позициялари бўйича 40 та янги давлатнинг бозорларига чиқишга эришилган.

Хабарда қайд этилишича, аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида 2020 йил давомида республика бўйича жами 378,1 мингта янги иш ўринлари ташкил этилган. 

Top