13:23 / 27.01.2021
3934

Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишга доир янги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Муаллифлик ҳуқуқи бузилган тақдирда базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баробаридан минг баробаригача бўлган миқдорда товон пули ундирилиши мумкин. Шунингдек, муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя муддатини етмиш йил қилиб белгилашни назарда тутувчи тузатиш киритилиши мумкин.

Фото: Pinterest

«Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Kun.uz мухбирининг хабар қилишича, янги қонун лойиҳасида муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва даражасидан келиб чиқиб, ҳуқуқбузардан зарарнинг ўрнини қоплаш эвазига, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баробаридан минг баробаригача бўлган миқдорда товон пули ундириш ҳуқуқига эга бўлиши кўзда тутилган. Амалдаги қонунчиликда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузганлик учун тўланадиган компенсациянинг аниқ миқдорлари белгиланмаган.

Бундан ташқари, муаллиф вафотидан кейин муаллифлик ҳуқуқининг ҳимоя муддати етмиш йил қилиб белгиланиши мумкин. Ҳозирги кунда муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин эллик йил давомида амал қилади.

  • Маълумот учун, ушбу қонун лойиҳаси 25 январ куни regulation.gov.uz сайтида муҳокамага қўйилган ва муҳокама 9 февралга қадар давом этади.

Интеллектуал мулк агентлиги «Тримол» товар белгисига ўхшаш дори воситасини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқараётган «Marrymed Pharm» МЧЖ масаласини ўрганиб чиққан. Агентлик мурожаатга асосан ҳолат бўйича ишни ўрганиб, Маъмурий судга баённома киритганди. Натижада, «Marrymed Pharm» МЧЖга БҲМнинг 3 баравари миқдорида, яъни 669 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

 

Top