Жаҳон | 19:43 / 28.01.2021
15692
7 дақиқада ўқилади

Коронавирусга қарши вакциналар. Немис олими уларнинг самарадорлиги ва хавфсизлиги ҳақида гапирди

Германияда вакцинанинг ҳар бир партияси бозорга чиқарилишидан олдин сифат назоратидан ўтади. Бу билан Пауль Эрлих номидаги Германия вакциналар ва биотиббий дори воситалари федерал институти шуғулланади.

Фото: Reuters

Муассаса раҳбари Клаус Цихутек Deutche Welle нашрига берган интервьюсида Европа иттифоқи томонидан маъқулланган BioNTech/Pfizer ва Moderna вакциналари қанчалар хавфсиз ва самарали экани, уларнинг ножўя таъсири ва вакцинациядан кейинги узоқ муддатлари эффектлари ҳақида, шунингдек, болаларни ҳам коронавирусга қарши эмлаш масалаларига тўхталган.

DW: BioNTech/Pfizer ва Moderna Европа бозорига чиқарилишига изн берилган илк вакциналар. Уларнинг самарадорлиги ҳақида нима дейиш мумкин?

Клаус Цихутек: Ҳозирча ҳар икки вакцинанинг ҳам реактогенлиги (вакцина организмга юборилганда қандайдир ножўя таъсирлар – ҳарорат кўтарилиши, инъекция қилинган жойда шиш ҳосил бўлиши ва ҳоказо) бошқа вакциналарникидан фарқ қилмайди. Дастлабки маълумотлар умидбахш: клиник синовларда иккала вакцинанинг самарадорлиги 90 фоиздан ошди. Ҳатто кекса ёшдагиларда ҳам самарадорлик 80 фоиздан ортди. Фикримча, биз барча зарурий стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган ва синовлардан ўтиб сертификатланган аъло даражадаги икки вакцинага эга бўлдик. Бинобарин айни дамда вазият жуда соз.

— Ҳар иккала вакцинани ҳам икки марта олиш керак. Бу коронавирусдан қанча муддатга ҳимояланишни кафолатлайди?

— Ҳозирча буни билмаймиз. Бизда организмнинг иммун жавоби барқарор экани ҳақида хулосалар бор. Баъзи маълумотлар вакцинани фаоллаштирадиган иммун реакцияси камида саккиз ой давом этишини кўрсатяпти. Шундан кейин ҳам у заифлашмайди. Маймунларда ўтказилган тажрибалар нейтраллаштирилган антитаначаларнинг жуда кам кўрсаткичи ҳам бизни вирусдан ҳимоя қила олишини кўрсатяпти. Фикримча, ҳар иккала вакцина ҳам бизни кўпроқ муддат ҳимоя қилади. Бироқ уларнинг узоқ муддатли самарадорлиги ва хавфсизлиги ҳақида гапиришдан олдин қўшимча маълумотлар юзага чиқишини кутиш лозим.

— Ҳозиргача қандайдир ножўя таъсирлар маълумми?

— Ножўя таъсирлар асосан бир неча кун давом этади. Бу инъекция қилинган жойда оғриқ, баъзан чарчоқ, ҳарорат кўтарилиши, бош оғриши, мушаклар ва бўғимлардаги оғриқ кўринишида бўлиши мумкин. Инъекция қилинган жойда бироз шиш пайдо бўлиши эҳтимоли ҳам бор. Лекин булар исталган вакцинадан кейин кузатилиши мумкин бўлган ножўя таъсирлар. Улар кўпга чўзилмайди ва организмга зарар етказмайди. Коронавирус ҳаётга қандай хавф солишини ҳисобга олсак, унга қарши вакцинанинг ножўя таъсирларига кўниш мумкин. Масаланинг бошқа тарафи – коронавирусга қарши вакцинанинг ножўя таъсирлари гриппга қарши вакцинаникидан камроқ.

— Ҳар икки вакцинанинг жиддий асоратлари йўқ деб айтиш мумкинми?

— Асоратлар бўлмайди деб айтиб бўлмайди ҳозирдан. Аммо асоратлар асосан вакцинация ўтгандан кейинги дастлабки ҳафталарда пайдо бўлади. Бизга маълум бўлишича, улар ниҳоятда кам учрайди. Улар аллергик реакциялар бўлиши, жудаям кам ҳолларда юз нервларининг фалажланиши бўлиши мумкин. Лекин бу каби симптомлар клиник синовларда ҳам кузатилган эди. Умуман олганда вакциналар хавфсиз.

— Кўпчилик вакцинанинг узоқ муддатли асоратлари пайдо бўлишидан хавотирда. Асоратлар бўлиш эҳтимоли қанчалик?

— Вакцинация жараёнида кўпроқ амалий маълумот тўплашимиз даркор. Клиник синовларнинг учинчи фазаси икки йил давом этади ва бу даврда узоқ муддатли асоратлар бўлиш эҳтимоли ўрганилади. Синовдан ўтаётган ҳар бир қатнашчи диққат билан кузатилади ҳамда ҳар бир симптом ва ножўя таъсир ҳужжатлаштирилади. Бироқ ҳозиргача вакцинациянинг узоқ муддатли бирор асорати қайд этилмади. Пауль Эрлих номидаги институт ва бошқа муассасалар дори препаратлари устидан фармакологик назорати вакцина олган шахсларда эҳтимолий ножўя таъсирларни ҳам ўрганади. Бунинг учун бизнинг сайтимизда SaveVac деган махсус илова бор. У ерда вакцина олганлар ўзларидаги ножўя таъсирлар ҳақида хабар беришлари мумкин. Бу бизга вакцина таъсирини яхшироқ тушуниш ва ножўя таъсирларни дақиқроқ кузатиш имконини беради.

— Германияда тиббиёт ходимлари ва қарияларга қаровчиларни мажбурий вакцинация қилиш эҳтимоли ҳақида баҳс кетяпти. Одамларнинг коронавирус вакцинасига нисбатан ишончсизлигини қандай баҳолайсиз?

— Мен одамларга ушбу вакциналар ҳақида кўпроқ нарса билиб олишни тавсия қилишим мумкин, холос. Бизнинг стратегия уларга максимал даражада шаффоф маълумот беришдан иборат. Биринчидан, вакциналарни сертификатлаш зарурий синовлар ва тестлардан ўтди. Иккинчидан, биз барча дори препаратларининг мониторингини олиб борамиз ва бу бизга исталган ножўя таъсирларга реакция қила олиш имконини беради. Учинчидан эса, доимо вакцинанинг риски ва фойдасини солиштириш керак: ҳозиргача барча ножўя таъсирлар сезилмас ва қисқа муддатли бўлди.

— Вакцинациядан кейин коронавирусдан ҳимояланиш даражаси қанчалар юқори? Эмланган одамлар вирус юқтириб олиши мумкинми?

— Вакцинация энди бошлангани боис, амалий тажрибамиз ҳозирча кам. Лекин клиник синовлар эмланганлар орасида касалланганлар фоизи жуда кам бўлганини кўрсатмоқда. Бу асосан эмлангунга қадар симптомларсиз касалланган одамларда кузатиляпти. Вакцина олганларнинг 95 фоизида ҳатто касалланганлар билан контактдан кейин ҳам симптомлар кузатилмаган.

— Евроиттифоқда сертификат олган ҳар иккала вакцина билан ҳозирча болалар эмланмайди: BioNTech/Pfizer 16 ёшдан, Moderna эса, 18 ёшдан мумкин. Болалар эмланишини қачон кутиш мумкин?

— Айрим номзод-вакциналар болаларда ҳам синаляпти. Изланишлар натижаси шу йил кутилмоқда. Шундагина вакциналарга бериладиган лицензиялар болалар ва ўсмирларга ҳам амалда бўлади. Ҳаммаси вакцинация бўйича комиссия бу вакциналарни болаларда қўллашга тавсия қилиш-қилмаслигига боғлиқ.

— Баъзи аёллар вакцина ҳозирги ва келажакдаги ҳомиладорликка салбий таъсир қилишидан хавфсирашмоқда. Уларнинг хавфсираши қанчалар ҳақиқатга яқин?

— Бизда ҳомиладорлар орасида вакцинага реакция ҳақида маълумот кам. Бинобарин, ҳозирча уларга вакцина тавсия этилмайди. Жониворларда ўтказилган ноклиник тадқиқотлар эмлаш фарзанд кўра олишга ҳам, ҳомиладорликка ҳам, ҳомиланинг ривожланишига ҳам таъсир ўтказмаслигини кўрсатди. Лекин одамларда ўтказилган клиник синовлар натижаларини кутишга мажбурмиз.

— Вакцинация бошлангач аллергик реакциялар ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Аллергияси борлар ҳам эмланиши мумкинми?

— Бу саволга универсал жавоб йўқ. Агар одам препарат таркибида аллергия қўзғовчи модда борлигини билса, эмланмагани маъқул. Чангга ё озиқ-овқат моддаларига аллергияси борлар эмланиши мумкин. Лекин улар ҳам вакцинация қилингач, 15 дақиқа давомида шифокор назоратида қолишлари ва вакцина реакциясини текшириб олишлари керак. Врачлар рўй бериши мумкин исталган ҳолатларда ёрдам беришлари мумкин. Яна бир бор таъкидлайман: бундай реакциялар аҳён-аҳёнда учрайди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид