Ариповдан Шодиевгача: Олмалиқ кон-металлургия комбинати кузатув кенгашига янги аъзолар қабул қилинди
«Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ кузатув кенгаши аъзолари сони 9 нафардан 11 нафарга оширилди. Кузатув кенгаши аъзолари сафига Шуҳрат Вафоев ва Музраф Икромов қўшилди.
Ҳукуматнинг 2020 йил 16 декабрдаги топшириғига мувофиқ, Давлат активларини бошқариш агентлигининг хати билан «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ кузатув кенгаши аъзолари сони 11 нафарга етказилди. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ўринбосари Шуҳрат Вафоев ҳамда Адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов кенгаш аъзолигига қабул қилиш таклифи билдирилганди.
Жорий йил 26 январ куни ўтган акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинган қарорга кўра, кузатув кенгаши таркибидаги ўзгариш тасдиқланган.
Айни пайтда ОКМК акциядорлик жамияти кузатув кенгаши таркибида бош вазир Абдулла Арипов, молия вазирининг биринчи ўринбосари Омонулла Насриддинхўжаев, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдуназаров фаолият юритади.
Шунингдек, ОКМК устав капиталидаги давлат акция пакетини ишончли бошқарувга олган «SFI Management Group» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона бош директори Улуғбек Муҳаммедов, корхона директорлари Қаҳрамон Муллажонов, Азамат Шамсиев, Мэлс Аҳмедов ҳамда «SFI Management Group» МЧЖ шаклидаги хорижий корхона кузатув кенгашининг раиси Қобил Шодиев ҳам ОКМК АЖ кузатув кенгаши аъзолари ҳисобланади.
«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, жамиятнинг кузатув кенгаши жамият фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.
Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра, жамият кузатув кенгашининг аъзоларига улар ўз вазифаларини бажариб турган давр учун ҳақ тўланиши ва (ёки) кузатув кенгашининг аъзоси вазифаларини бажариш билан боғлиқ харажатларининг ўрни қопланиши мумкин.
Маълумот учун, «SFI Management Group» МЧЖ хорижий корхонаси корхоналарни бозор муносабатларига мослаштириш, халқаро стандартларни жорий этиш, хорижий мутахассислар ва инвестицияларни жалб қилишда фаол иштирок этиш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш мақсадида ташкил этилган.
Компания қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг лицензиясига эга ва ишончли бошқарув шартлари асосида «Олмалиқ КМК» АЖ, «Ўзметкомбинат» АЖ ва «Ўзиккиламчиранглиметалл»АЖ ларни бошқаради.
2017 йил август ойида «SFI Management Group» инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан «Пахтакор» ФК МЧЖ устав фондидаги 80 фоиз улушни сотиб олган. «SFI Management Group» «Пахтакор» ФКга беш йил давомида камида 200 миллиард сўм сармоя киритишни режалаштирган.
Мавзуга оид
16:00 / 23.11.2024
“Президентимиз, одамлар кўчишга розими-розимасми, дедилар” – Абдулла Арипов Бойсунда бўлиб қайтди
08:50 / 22.11.2024
200 мингдан ортиқ фуқаро иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юборилиши мумкин
21:47 / 20.11.2024
ОКМКнинг қарийб 25 фоизи 12,2 триллион сўмга баҳоланиб, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказилди
12:08 / 20.11.2024