Жаҳон | 04:13 / 30.01.2021
16732
2 дақиқада ўқилади

Британия Хитойнинг ҳаракатларига жавобан Ҳонгконг аҳолисига фуқаролик беришни бошлади

Фото: BBC News

Британия ҳукумати 31 январдан Ҳонгконгнинг “хорижлик британиялик” (British National (Overseas), BNO) паспортига эга бўлган барча фуқаролари ҳамда уларнинг қариндошлари Британияга келиб, у ерда яшаш, ишлаш ва ўқишлари мумкинлигини эълон қилди. 6 йилдан кейин уларга Британия фуқаролиги берилади.

BNO паспортлари ҳонгконгликларга Ҳонгконгнинг Хитойга 1997 йилда топширилишидан аввал берилган. Бундай илк паспорт 1987 йилда ўз эгасига топширилган. “Хорижлик британиялик” мақоми консуллик кўмаги ва ҳимоясини тақдим қилади, бироқ Британия ҳудудига бемалол кириш, яшаш ва ишлаш ҳуқуқини бермайди. Бундай паспортга эга шахслар Британия фуқароси ҳисобланмайди. 

Британия ҳукумати 2020 йилда Хитой Ҳонгконгнинг хавфсизлиги тўғрисидаги қонунни қабул қилганига жавобан BNO паспортига эга кишиларга фуқароликни беришни соддалаштиришга қарор қилди. Британия ҳукуматининг таъкидлашича, юқорида келтирилган қонун Британия ва Хитой ўртасида 1984 йилда имзоланган келишувни бузади. Ўша келишувда Хитой ҳукумати Ҳонгконг фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга ва ҳудуднинг автоном мақомини қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

“Мен BNO эгаларига давлатимизда яшаш, ишлаш ва ўрнашиш имконини берадиган янги усулни киритганимиздан бағоят фахрланаман. Биз шу тариқа Ҳонгконг халқи билан эга бўлган чуқур тарихий алоқалар ва дўстлигимизга ҳурматимизни билдирамиз ҳамда Британия ҳам, Ҳонгконг ҳам қадрлайдиган эркинлик ва автономияни қўллаб-қувватлаймиз”, деб таъкидлаб ўтган Британия бош вазири Борис Жонсон. 

Британиянинг бу хатти-ҳаракатларига Хитой BNO паспортларини бошқа тан олмаслиги билан жавоб берди. “Хитой 31 январдан BNO паспортларини шахсни тасдиқловчи гувоҳнома сифатида бошқа тан олмайди ва ўз ортимиздан бошқа чоралар кўриш ҳуқуқини сақлаб қоламиз”, деб айтган Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Чжао Лицзян.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид