03:42 / 31.01.2021
13870

БАА хорижликларга мамлакат фуқаролигини олиш имкониятини тақдим этмоқда

БАА бош вазири, шайх Муҳаммад ибн Рашид Ол Мақтумнинг таъкидлашича, «янги фармон мамлакат ривожига ҳисса қўшадиган истеъдодли инсонларни жалб этишга қаратилган».

Фото: iStock

Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати қонунга айрим тоифадаги хориж фуқароларига мамлакат фуқаролигини олиш имкониятини берувчи тузатишларни киритди. Бу ҳақда WAM ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Агентликнинг маълумот беришича, фуқаролик олиш учун инвесторлар, шифокорлар, мутахассислар, ихтирочилар, олимлар, ижодкорлар, рассомлар ва уларнинг оила аъзолари даъвогарлик қилиши мумкин. БАА фуқаролигини олишга аризалар ҳукумат ва маҳаллий ижроий ҳокимияти томонидан кўриб чиқилади.

БАА бош вазири, шайх Муҳаммад ибн Рашид Ол Мақтумнинг таъкидлашича, «янги фармон мамлакат ривожига ҳисса қўшадиган истеъдодли инсонларни жалб этишга қаратилган».

WAM агентлигининг маълумот беришича, БАА фуқаролигини олиш учун қуйидаги шартларни бажариш лозим:

Инвесторлар БААда кўчмас мулкка эга бўлиши, БАА иқтисодиёт вазирлиги ёки бошқа нуфузли халқаро орган томонидан маъқулланган бир ёки бир нечта патент олиши ҳамда мамлакат иқтисодиёт вазирлигининг тавсияномасига эга бўлиши керак;

шифокорлар ва бошқа мутахассислар «БААда жуда зарур» ноёб илмий соҳа ёки илмий фанлар йўналишида фаолият юритиши, камида 10 йиллик тажрибага эга бўлиши, нуфузли ташкилот аъзоси бўлиши лозим;

олимлар университет, тадқиқот маркази ёки хусусий секторда «фаол тадқиқотчилик билан шуғулланиши», камида 10 йиллик тажрибага эга бўлиши, нуфузли илмий мукофотлар ёки «ўз тадқиқотлари учун етарлича молиялаштириш» олган бўлиши ҳамда БААда тан олинган илмий муассасаларнинг тавсияномасига эга бўлиши даркор;

ижод вакиллари маданият ва санъат соҳасида «етакчи» бўлиши, бир ёки бир нечта халқаро мукофотлар олган бўлиши ҳамда фаолияти билан боғлиқ давлат муассасасининг тавсияномасига эга бўлиши шарт.

Bloomberg агентлигининг ёзишича, БАА хорижликларга фуқаролик тақдим этиш жараёнини расмийлаштирган Форс кўрфазидаги биринчи мамлакатдир. Илгари бундай имконият фақат истисноли ҳолатларда, масалан, давлат хизматида ишлаш учун бериларди. Агентликнинг маълумот беришича, БАА аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи бошқа давлатлар фуқароларидир.

Top