Ўзбекистон | 22:38 / 01.02.2021
25316
2 дақиқада ўқилади

«Мактаб ўқитувчиларининг ойлигини 2024 йилгача минг долларга етказишни мўлжаллаганмиз» — вазир ўринбосари

«Бу масалада таклифлар тайёрланмоқда», – деди халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Халқ таълими вазирлиги 2024 йилгача мактаб ўқитувчиларининг ойлигини минг долларга етказишни режалаштирган. Бу ҳақда вазир ўринбосари Темур Комилов маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Президентимизнинг топшириғига кўра, ўқитувчиларнинг ойлигини 2024 йилгача халқона тилда айтганда минг долларга етказишни мўлжаллаганмиз ва бу масалада таклифлар тайёрланмоқда.

Қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгач, уни албатта, жамоатчилик, хусусан, ўқитувчи-устозларимиз билан муҳокама қиламиз», – деди Комилов 1 феврал кунги матбуот анжуманида.

Темур Комилов халқ таълими тизимидаги молиявий қинғирликларга изоҳ бераркан, улар асосан нақд пулдан ўғирлаш, ишланмаган соатларга қўшиб ёзиш, лавозим маошларини нотўғри қўллаш (мутахассисга олий тоифали ўқитувчининг ставкасида маош белгилаш), малака-тоифа сертификатларини қалбакилаштириб, асоссиз ва ноқонуний маош қўшиб ёзиш кўринишида амалга оширилганини айтди.

Солиқ идораларига ҳали ишланмаган давр учун ходимларнинг маошидан солиқ тўлаб юбориш ҳолатлари ҳам учраб тургани таъкидланди.

Вазир ўринбосарига кўра, молиявий камомадларга асосан иш ҳақини ҳисоблаш бўйича ниҳоятда кўп меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва инсон омили сабаб бўлмоқда. Шу боис ҳозирда халқ таълимини бошқаришнинг ягона мажмуавий комплексини ишлаб чиқиш бошланган ва иш ҳақини ҳисоблашда автоматлаштириш сари қадам ташланган.

Мавзуга оид