Нурафшон–Қўйлиқ йўли реконструкция қилиниши кутилмоқда
24,4 км.лик Нурафшон–Қўйлиқ йўли туркиялик муҳандислар билан ҳамкорликда таъмирланиши режалаштирилмоқда. Лойиҳада жамоат транспортлари учун алоҳида йўлак ажратиш кўзда тутилган.
Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов 1 февраль куни Нурафшон шаҳрида Туркиянинг «Kalyon Ulastirma» муҳандислик компанияси раҳбари Жиҳад Калёнжиўғли билан музокара ўтказди.
Унда узунлиги 24,4 километрни ташкил этувчи Нурафшон–Қўйлиқ автомобиль йўлини демонтаж қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, йўлнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ва қатновларни мақбуллаштириш назарда тутилмоқда.
Маълум қилинишича, бугунги кунда Нурафшон–Қўйлиқ йўлидан кунига 38 мингта транспорт қатнови амалга ошади. Бўка, Бекобод шаҳри ва тумани, Пискент, Нурафшон шаҳри, Ўрта Чирчиқ тумани аҳолисини пойтахт билан боғловчи бу йўлда яқин истиқболда тирбандликлар юзага келиши мумкин.
«Шу боис, катта шаҳарга айланиш арафасида турган Нурафшонни пойтахт билан боғловчи йўл замонавий шаҳарсозлик андозаларига мос равишда қайта таъмирланишга муҳтож», – дейилади хабарда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2та автостанция ва йўл бўйлаб 5та бекат қурилади.
Ўртада жамоат транспортлари ҳамда тезкор автобус қатнови учун (BRT тизими) алоҳида махсус қатнов йўли бўлади.
Ҳозир Нурафшон–Қўйлиқ йўналишида 15та жамоат транспорт қатнови бор. Мазкур лойиҳа амалга ошса, йўналишлар мақбуллаштирилади.
Шу куни Даврон Ҳидоятов Чирчиқ шаҳрида хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда қуриладиган янги завод лойиҳаси билан ҳам танишди. 400та янги иш ўрни яратиладиган, 40 миллион долларга баҳоланаётган бу лойиҳа қурилиш саноати учун импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаради.
Мавзуга оид
14:30 / 28.09.2024
Ўзбекистонга 3 метрлик бўғма илонни олиб кирмоқчи бўлган бўлган шахс тўхтатиб қолинди
13:14 / 12.09.2024
Тошкент вилоятидан яна 14 та маҳалла қисман Янги Тошкент ҳудудига ўтказилмоқда
11:45 / 12.09.2024
Алиментда рекорд: аёл 3 нафар фарзанди таъминоти учун собиқ эрига 1,7 млрд сўм тўлади
15:48 / 10.09.2024