Спорт | 16:45 / 01.02.2021
14121
8 дақиқада ўқилади

Европада трансферлар ойнаси ёпилмоқда. Асосий интригалар

2 февралга ўтар кечаси Европанинг асосий лигаларида қишки трансферлар даричаси ёпилади. Дедлайн:

  • Бундеслига - 00:00 (Тошкент вақти)
  • А Серия - 00:00
  • АПЛ, Ла Лига, Лига 1 - 04:00 (Тошкент вақти билан сешанба - Англияда трансферлар даричаси кеча ёпилиши керак эди, аммо дам олиш куни бўлгани сабабли муддат бир кунга узайтирилди) 
  • Россияда трансферлар 25 февралга қадар давом этади.

Бу қишда бир қатор йирик трансферлар амалга ошиб бўлди, сўнгги кунда ҳам шов-шувли трансферлар рўй бериши мумкин - катта эҳтимол билан ижара шартномалари тузилади. Асосий воқеалар АПЛ жамоалари иштирокида бўлиши кутилмоқда.

«Ливерпуль» барибир ҳимоячи оладими? Балки бирданига иккита?

Марказий ҳимоячи Жоэль Матипнинг навбатдаги жароҳатидан кейин Юрген Клопп ҳимоя учун номзодни ярим ҳимоя чизиғидан эмас, трансфер бозоридан қидиришга қарор қилди. Номзодлар кўп эди: Сократис, Мустафи, Свен Ботман («Лилль»), Исса Диоп («Вест Ҳэм», Бремер («Торино»).

У якунда Бен Дэвис вариантида тўхталди. «Тоттенҳэм»нинг чап оёқда ўйновчи уэльслик футболчиси эмас, «Престон»дан бўлган 25 ёшли чап оёқда ўйновчи англиялик. АПЛда ҳали ҳеч қачон майдонга тушмаган бу футболчи учун 2 млн фунт стерлинг сўрашмоқда.

Шу билан масала ёпилмайди: Англия чемпионлари радарида «Марсел»нинг хорватиялик ҳимоячиси Дуе Чалета-Цар ҳам бор. Times ва RMC манбалари футболчи шахсий шартномани келишиб олгани, аммо французлар клуби трансферга ҳали рози бўлмагани – улар бу муҳим футболчиси учун ўринбосар топишга улгурмаслигидан хавотирда экани ҳақида ёзишган. «Ливерпул»да бу трансферни расмийлаштириш учун бир кун вақт қолди. Шунингдек, «Шальке»дан Ўзан Кабак олиниши ҳам мумкин, немислар клуби ўринбосар топилсагина 

Деле Алли «ПСЖ»га кетадими?

 

Аллининг кетиши билан боғлиқ хабарлар куздан бери тинмаяпти, Парижга ушбу яримҳимоячининг севимли мураббийи Маурисио Почеттино келгач эса, бу масала ҳал бўлгандек эди. «Тоттенҳэм»дагилар воқеаларнинг бундай ривожига қарши эмасдек – Жозе Моуриньо ушбу футболчини режаларига киритмаган.

Аммо Даниэль Леви Делени агар ўрнига ўринбосар топсагина ижарага беришга рози бўлиши айтилмоқда. Ҳозирча унга ўринбосар олинмади, инсайдерлар Давид Орнштейн ва Фабрицио Романо эндиликда ушбу трансфер амалга ошишига шубҳа билан қарашмоқда. Катта эҳтимол билан Алли «Тоттенҳэм»да қолади, бу эса у Европа чемпионатисиз ҳам қолади деганидир.

Кристиан Эриксеннинг иши нима бўлади?
Даниялик футболчининг Италиядаги ишлари унча юришмади, шу туфайли Англияга қайтиш мантиқий давомдек кўринади. Унга собиқ клуби «Тоттенҳэм» ва «Лестер» даъвогар – Брендан Рожерс Эриксеннинг келишига шахсан қизиқиш билдирмоқда.

Тўғри, сўнгги ҳафталарда Кристиан миланликлар клубининг асосий таркибига кирди, Италия кубоги доирасида «Милан»га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда ғалаба голини урди, А Серия доирасида «Беневенто»га қарши ўйинда (4:0) тўқсон дақиқа давомида майдонда бўлди. Эриксеннинг маоши юқори экани ҳисобга олинса, у камида яна ярим мавсумни «Интер»да ўтказади.

«Рома» ва «Интер» Эдин Жеко ва Алексис Санчесни алмашмоқчи. Улгуришадими?

Эдин Жеко «Рома» бош мураббийи Паулу Фонсека билан жанжаллашиб қолди ва жамоа машғулотларидан четлаштирилди. Ҳужумчининг яна бир ярим йиллик шартномаси бор, аммо римликлар клуби катта маош олувчи ушбу футболчисини бериб юбориш учун вариантлар қидирмоқда.

Англиядаги клублардан ташқари уни «Интер» билан алмашиш варианти бор – бу ҳолда «Рома»га Алексис Санчес йўл олади. Gazetta Dello Sport маълумотига кўра, клублар ўртасида музокаралар бўлиб ўтган, лекин томонлар келиша олишмаган – миланликлар Жекога катта миқдорда маош тўлашга рози эмас.

Балки трансферларнинг сўнгги кунида томонлар муросага кела олар. Айни вақтда Эдинни Англияда икки клуб – «Вест Ҳэм» ва «Эвертон» кутмоқда. Яна бир харидор – «Фенербаҳче», лекин молиявий муаммолари бор бу клуб яқинда Ўзилнинг маоши учун пулни фанатларнинг хайрияси эвазига тўплаганди.

Сэм Эллардайс лигани тарк этишдан қутулиб қолиш учун кимни сотиб олади?
Катта Сэмга яна бир жамоани Чемпионшипга тушиб кетишдан қутқариб қолиш вазифаси қўйилган – у энди бу ишни «Вест Бромвич» билан уддалашга ҳаракат қилиб кўради. Жамоанинг трансферлар ойнасидаги нишони – ҳужумчи. Инглизча футболга мос, юқори қаватда устун келиб боши билан кўп гол уришга ихтисослашган баланд бўйли ҳужумчи.

The Telegraph икки асосий номзод ҳақида ёзмоқда – «Кристал Пэлас»даги Кристиан Бентеке ва «Ньюкасл»даги Энди Кэрролл. Уларнинг иккиси ҳам аввал Эллардайс билан бирга ишлаган.

Энсли Мэйтланд-Найлзни «Арсенал»дан ким олиб кетади?

Кутилмаганда «Арсенал»нинг универсал жангчиси Англия бозоридаги энг харидоргир футболчига айланди – Артета бу йигитга ўйин амалиёти бермаяпти.

Мэйтланд-Найлзга лиганинг қатор жамоалари харидор: «Лестер», «Саутҳемптон», «Ньюкасл», «Вест Бромвич», «Вулверҳэмптон». Шунингдек, Киран Триппьер узоқ муддатга дисквалификация қилингани туфайли унга ўринбосар қидираётган «Атлетико» ҳам бор.

The Athletic ушбу курашда «Саутҳемптон»ни фаворит деб ҳисобламоқда, бу жамоа Энслини ижарага олишга ҳам, унинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олишга ҳам тайёр. Футболчининг ўзи «Лестер»га ўтишни маъқул кўрмоқда, аммо «Арсенал» тўғридан тўғри рақиби таркибини кучайтиришни истамаяпти. «Вест Бром» ва «Ньюкасл»да имконият камроқ.

«Аякс» Промес учун ўринбосар топа оладими?

 

Россияда трансферлар даричаси яна қарийб бир ой вақт давомида очиқ бўлса-да, Куинси Промеснинг «Спартак»ка қайтиши «Аякс» ушбу футболчига ўринбосар топишига боғлиқ.

De Telegraaf хабарига кўра, клуб «Севилья» билан Уссама Идриссининг ижараси бўйича келишувга эришган. 24 ёшли марокашлик ижарага олинади, фақат расмий эълон қилиниши қолган.

«Эвертон» Перишични таркибга қўшиб оладими?
Карло Анчелотти эса жамоасига юлдузларни жалб қилишда давом этади. Бу сафар «Интер»даги мавсумни яхши ўтказмаётган Иван Перишич. FootballInsider247 маълумотига кўра, хорватиялик яримҳимоячи БААга кетаётган бразилиялик Бернарднинг ўрнини тўлдиради.

Бундан ташқари, «Бавария»нинг 19 ёшли форварди Жошуа Зиркзее «Парма»га ижарага берилади, «Арсенал» «Кристал Пэлас»нинг чап қанот ҳимоячиси Ван Анхольтни таркибга қўшиб олиш ҳақида ўйламоқда, «Борнмут» форварди Жошуа Кинг АПЛга қайтади (The Athletic у «Саутҳемптон» ҳужумчиси Шейн Лонгга алмаштирилиши ҳақида ёзган).

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид