Ўзбекистон | 19:16 / 03.02.2021
5762
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимларга табиий офат хавфи мавжуд ҳудудлардаги фуқароларни хавфсиз жойга кўчириш бўйича кўрсатма берилган – Сенат

Ҳукумат томонидан Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимларига тошқин, сел, қор кўчиш ва ер кўчкиси хавфи мавжуд бўлган ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқароларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинган.

Парламент юқори палатасининг ўн иккинчи ялпи мажлиси олдидан ўтказилган мажлисда тошқинлар, сел оқимлари, кўчки хавфи мавжуд тоғ ва тоғолди ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳамда иқтисодий объектлар хавфсизлигини таъминлашга оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари дастлабки тарзда муҳокама қилинган.

Таъкидланишича, ҳукумат томонидан парламент сўровига тақдим этилган жавобда мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ тузилиб, парламент сўровида кўтарилган масалалар атрофлича ўрганиб чиқилгани маълум қилинган. Ўрганиш натижалари тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссияси мажлисида муҳокама қилинган.

«Парламент сўровида кўтарилган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хусусан, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимларига гидрометеорологик ва геологик хавфли ҳудудларда истиқомат қилаётган фуқароларни хавфсиз ҳудудларга кўчириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган», дейилади Сенат ахборот хизмати тарқатган хабарда.

Мажлисда парламент сўровида кўтарилган айрим масалаларнинг ечимига етарли даражада эътибор қаратилмагани ҳам таъкидланган. Кўриб чиқилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган. 

Мавзуга оид