23:37 / 03.02.2021
7756

ЖССТ экспертлари Уҳан вирусология институтидаги хавфсизликни баҳолашди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари миссияси Уҳан вирусология институти ва унинг таркибига кирувчи биологик хавфсизлик миллий лабораториясига ташриф буюришди ва у ердаги ишнинг ташкил этилишини баҳолашди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси маълум қилди. 

Фото: REUTERS/Thomas Peter

Экспертларнинг таъкидлашича, уларда институтдаги ходимларнинг профессионаллиги яхши таассурот қолдирган. ЖССТ мутахассислари ташриф давомида институтдаги тадқиқотчилик иши, лабораториядаги хавфсизлик чоралари билан танишишган ва халқаро илмий ҳамкорлик ҳамда эпидемияларга қарши чораларни муҳокама қилишган. 

Таъкидланишича, экспертлар Уҳандаги биохавфсизлик миллий лабораторияси ЖССТнинг глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун ташкил этилган лабораториялари тармоғига қўшилишини юқори баҳолашган.

Уҳан институти таркибига Хитойда энг юқори биологик хавфсизлик даражаси BSL-4 бўйича сертификатланган ягона лаборатория киради. Бундай юқори хавфсизлик даражаси лаборатория ходимларига дунёдаги энг хавфли касалликлар қўзғатувчиларини ўрганиш имконини беради.

ЖССТ мутахассислари Уҳанга коронавируснинг келиб чиқишини билиш мақсадида 14 январда келишган. Улар Хитойга келгач, икки ҳафталик карантинга жойлаштирилганлар. 

Аввалроқ ЖССТда коронавируснинг бирламчи тарқалиш ўчоғини излашни Уҳандан бошлаш кераклиги бир неча маротаба таъкидланган. 

Top