08:38 / 04.02.2021
3391

ФАО бош директорига «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси» кўкрак нишони топширилди

2021 йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунюй билан видеоконференцалоқа шаклида учрашди.

Цюй Дунюй /Фото: ТИВ ахборот хизмати

ТИВ хабарига кўра, томонлар ўзаро ҳамкорликнинг даражаси ва суръатини юқори баҳоладилар. 2020 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон раислигида онлайн режимда бўлиб ўтган Европа ва Марказий Осиё минтақавий конференциясининг 32-йиғилиши натижалари ва тавсияларини бажариш механизмлари муҳокама қилинди.

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва диверсификациялаш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамкорликнинг устувор аҳамият касб этиши таъкидланди.

2021-2022 йилларда Ўзбекистоннинг Европа минтақавий конференциясида раислигини самарали амалга оширишга кўмаклашиш, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги халқаро ҳамда минтақавий ташаббусларда мамлакатимиз иштирокини фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув доирасида ФАО бош директори Цюй Дунюйга Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ минтақаларини ривожлантиришга, республика ва ташкилот ўртасидаги ҳамкорликка қўшган ҳиссаси учун «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси» кўкрак нишони топширишга бағишланган расмий маросим бўлиб ўтди.

Top