Ўзбекистон | 10:43 / 04.02.2021
5981
2 дақиқада ўқилади

Покистон делегацияси Самарқандга ташриф буюрди

Жорий йилнинг 3 февраль куни Покистон делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Бош вазир маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд бошчилигидаги делегация билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Самарқанд шаҳрида учрашди. 

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Покистон делегацияси учун дастлаб Самарқанднинг инвестицион жозибадорлиги, туризм салоҳияти, тиббиёт ва фармацевтика йўналишидаги имкониятларига доир тақдимот ўтказилди. 

Музокаралар давомида авиақатновларни ривожлантириш, икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, олий таълим муассасаларида ўзаро тажриба алмашинувларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Айни пайтда Самарқанд давлат тиббиёт институтида 130 нафар покистонлик талабалар таҳсил олмоқда. Яқинда яна 120 нафар талаба ва 10 нафар профессор-ўқитувчи Самарқандга ташриф буюриши маълум қилинди.

Ташриф асносида меҳмонлар Имом Ал-Бухорийнинг ҳаёти, унинг ҳадис илмига қўшган буюк маънавий мероси билан яқиндан танишиш мақсадида улуғ муҳаддис қабрини зиёрат қилишди ҳамда халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлишди.

Мавзуга оид