Жамият | 20:25 / 05.02.2021
25388
2 дақиқада ўқилади

Бухорода корхона раҳбарларини қўрқитиб, 30 минг доллар талаб қилган ишчилар ушланди

Бухоро вилоятида корхона директори ва бош ҳисобчисининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари тасвирланган видеони интернетга тарқатиб юбормаслик учун пул талаб қилган ишчилар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Бухоро вилояти бошқармалари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида «К» номли корхона ишчилари Ш.Ш., Б.А. ва О.Х. олдиндан тил бириктириб, жамият директори ва бош ҳисобчисини гўёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этганлиги акс этган видеоёзувларни интернетда тарқатиш ҳамда бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш билан қўрқитиб келгани аниқланган.

Улар ушбу ҳаракатларини амалга оширмаслик эвазига корхона масъулларидан товламачилик йўли билан 30 минг АҚШ доллари талаб қилган. Кимёвий ишлов берилган пулларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Ш., Б.А. ва О.Х.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид