Ўзбекистон | 20:05 / 05.02.2021
7279
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари Алматида учрашди

Икки давлат чегарасини қонуний рўйхатдан ўтказишни якунлаш зарурлиги таъкидланди. Ўзбекистон томони Қирғизистоннинг янги президенти Садир Жапаровни Тошкентга таклиф этди.

Фото: gov.kg

Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳукумат раҳбарларининг Алмати шаҳридаги йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари Абдулла Арипов ва Улуғбек Марипов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, ҳукумат раҳбарлари савдо-иқтисодий, сармоявий, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар, сув-энергетика ва транспорт соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг кўплаб масалаларини муҳокама қилди.

«Қирғизистон ўзаро ишончга асосланган чинакам қардошлик муносабатларини қадрлайди. Биз Ўзбекистон билан стратегик шерикликни янада фаол ривожлантиришга тайёрмиз», – деди Улуғбек Марипов.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамкасбини Қирғизистон бош вазири этиб тайинлангани билан табриклади ва қирғиз–ўзбек муносабатлари энг юқори даражадаги ишонч асосида қурилганини эътироф этди.

«Ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистон президенти бошчилигидаги Ўзбекистон томони икки мамлакат ва халқларнинг манфаатларига жавоб берадиган барча лойиҳаларда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр», деди Абдулла Арипов.

Томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини тасдиқладилар ва қирғиз–ўзбек давлат чегарасининг қолган участкаларини қонуний рўйхатдан ўтказишни якунлаш бўйича ишларни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Шунингдек, ўзбек томони Қирғизистонга зарур миқдорда минерал ўғитлар этказиб беришни ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида Абдулла Арипов Қирғизистон президентига Ўзбекистонга ташриф буюриш учун таклифномани етказган.

Эслатиб ўтамиз, Арипов 3 февраль куни Улуғбек Мариповга Қирғизистон бош вазири этиб тайинлангани муносабати билан табрик мактуби йўллагани хабар қилинганди.

Мавзуга оид