Иқтисодиёт | 19:40 / 08.02.2021
10992
2 дақиқада ўқилади

Хорижий валютадаги кредитлар улуши 50 фоиздан 45 фоизга пасайтирилади

2021 йилги давлат дастурида республика иқтисодиётининг хорижий валютага боғлиқлик даражасини босқичма-босқич камайтириш белгиланди.

Давлат дастурининг банк тизимини ислоҳ қилиш, соҳада рақобат муҳитини яратишга доир бўлимида иқтисодиётнинг хорижий валютага боғлиқлик даражасини босқичма-босқич камайтириш чоралари кўрилиши назарда тутилмоқда.

Хусусан, ҳужжатда валюта кредитлари улушини 50 фоиздан 45 фоизга пасайтириш, банкларнинг активлари ва мажбуриятларида хорижий валютанинг улушини камайтириш учун пул-кредит ва пруденциал инструментларни қўллаш белгиланди.

Шунингдек, банклар томонидан ташқи кредитларни жалб этишда эҳтиёткор сиёсатни юритиш бўйича чоралар кўриш назарда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилги Олий Мажлисга мурожаатномасида валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича бир қатор вазифаларни илгари сурган эди.

«Келгуси йилда миллий валютада чиқариладиган халқаро облигациялар улушини ҳозирги 25 фоиздан камида 40 фоизга ошириш зарур. Шу билан бирга, банклараро валюта бозори «онлайн» платформага ўтказилади ва тадбиркорларга валютани бевосита банкнинг ўзидан сотиб олиш учун имконият яратилади. Натижада тадбиркорлар валютани ҳозиргидек 4 кунда эмас, ярим соатда сотиб олиши мумкин бўлади»,  деган эди давлат раҳбари мурожаатномада.

Шунингдек, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 2021 йилда тадбиркорлар учун валюта хариди янада осонлашиши кутилаётганини таъкидлаган.

Маълум қилинишича, 2021 йилда валюта кредитлари улуши 5 фоизга туширилиши, мазкур улушнинг камида 2 миллиард долларга пасайишига олиб келади. Бу эса миллий валюта заифлашувининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.  

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид