Тошкент шаҳридаги Болалар миллий тиббиёт маркази фаолият бошлаганига кўп бўлмади. Ушбу марказ Жанубий Корея билан ҳамкорликда йўлга қўйилган бўлиб, энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Шифокорларнинг айтишича, Марказий Осиёда ягона бўлган бу тиббиёт муассасасида ҳозиргача фақат чет элда қилинган мураккаб операциялар ўтказилмоқда.

«Марказнинг 100 дан ортиқ врач ва ҳамширалари, медтехник ва ахборот технологиялари бўйича мутахассислар бир йил давомида Жанубий Кореяда малака ошириб қайтишди. Бу ерда кардиохирургия, нейрохирургия, ортопедия ва пластик хирургия, гемодиализ, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия ва реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган. Марказда кунига 250 нафар беморни қабул қилиш, йилига 1 500 дан кўпроқ мураккаб ва ноёб амалиётларни бажариш имконияти мавжуд.



Марказ магнит резонанс томографияси, мультиспирал компьютер томографияси, ДНК анализатори ҳамда онкологик касалликларни бир неча йил олдин аниқлайдиган замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Чет элда даволаниши мўлжалланган болаларнинг 95 фоизини шу шифохонада даволаш мумкин. Бугунги кунда ижтимоий муҳофазага муҳтож болаларни чет элда даволаш керак бўлганда, ўша муолажани юртимизда амалга ошириш йўлга қўйилди. Уларни даволаш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади», деди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов.

Марказда болалар тиббиёти йўналишида инновацион изланишлар олиб бориш, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва юқори технологик муолажаларни ташкил этиш, тиббиёт мутахассислари малакасини ошириб бориш кўзда тутилган. Шунингдек, телемедицина орқали узоқ ҳудудлардаги болаларга ҳам ёрдам кўрсатилади.

Тиббиёт марказида даволанаётган бемор болаларнинг аксарияти турли мураккаб жарроҳлик ва лазер операцияларини бошдан ўтказган.















