Ҳозирги давр болаларининг аксарияти асосан тасвир, мусиқа ҳамда турли интершовқинлардан иборат мултфилмлар билан улғайяпти. Бу контентларда диалоглар жуда кам, баъзиларида эса умуман йўқ: қаҳрамонлар гапирмайди, бутун бошли видео фақат ўйин-кулги кадрлари, ашула ва овоз эффектларидан иборат. Маълумотларга кўра, бундай мултфилмларни кўрган бола ўз атрофидаги нутқий муҳитдан узоқлашади, тил ўрганиш учун зарур бўлган сўз ва жумлаларни етарли даражада эшитмайди ва шу тариқа мулоқотга киришиш қобилияти сусаяди. Kun.uz болаларда тилнинг кеч чиқаётгани ва бунга мултфилмларнинг таъсири бўйича мутахассислар фикрини ўрганди.

Ёш оналар учун болани тинчлантиришда гаджетлардан фойдаланиш ҳозир энг яхши нажот йўлига айланган. Чақалоқ йиғласа, унга дарров смартфондан мултфилм қўйиб берилади. Ранг-баранг тасвирларга бой, ўзига хос овозлар билан бойитилган кадрларни кўрган бола бирпасда овунади, қолади. Энг қизиқ жиҳати, жонли ўйинчоқлардан узоғи 10 дақиқада зерикадиган болакай телефонга қанча кўп термулса ҳам чарчамайди. Атрофни кузатсангиз, ҳали қўлига қошиқ ушлашни билмайдиган гўдак смартфонни бемалол ишлата олаётганига ҳам гувоҳ бўласиз.

Тўғри, телефон болани вақтинча овунтириши мумкин, бу борада оналар учун катта қулайлик бор. Аммо унинг чақалоқ саломатлигига таъсири-чи? Гўдакни осон тинчлантиришнинг кейинчалик тўланадиган бадали ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Экран олдида узоқ вақт ўтказиш асаб тизими, кўз касалликларини юзага келтириши билан бир қаторда болада нутқ кеч ривожланишига сабаб бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Нутқ – боланинг ижтимоий ҳаётга мослашуви, билим олиш жараёни ва шахсий ривожланишининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири. Мактабгача бўлган даврида бола сўз бойлигини тез кенгайтириши ва фикрини равон ифода қила олиши керак. Аммо айрим ҳолларда бу жараён секинлашади ёки кечикади. Мазкур ҳолат бир неча хил омиллар таъсирида юзага келади, уларни шартли равишда биологик, психологик, тиббий сабаблар ва муҳит таъсирига ажратиш мумкин.

Биологик омиллар орасида генетик мойиллик етакчи ўринда тутади. Агар оиладаги катталарда нутқ ёки тил ривожланишида кечикиш кузатилган бўлса, боланинг ҳам шундай муаммога дуч келиш эҳтимоли ортади. Асаб тизими ва миядаги нуқсонлар, шунингдек, эшитиш қобилияти билан боғлиқ муаммолар нутқ шаклланишига тўсқинлик қилади. Бола сўзларни тўлиқ ёки аниқ эшитмаса, уларни ўзлаштириш қийинлашади”, – дейди педиатр Комила Муталова.