Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳар ой 500 килограмм заргарлик буюми ишлаб чиқарилади – «Асакабанк»нинг олтин лойиҳаси «FONON» заводига саёҳат
«FONON» заргарлик заводи – катта қисми «Асакабанк» томонидан ажратилган маблағ ҳисобига молиялаштирилган. У Марказий Осиёдаги энг йирик завод сифатида иш бошлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 28,3 миллион евро, унинг 19 миллион евросини «Aсакабанк»нинг маблағлари ташкил қилади. Заводда ҳозир 250 дан ортиқ одам ишламоқда, тўлиқ қувватда ишга тушиши билан 400 ишчи банд бўлиши режалаштирилган.
9 феврал куни «Aсакабанк» AЖ томонидан ОАВ вакиллари учун «FONON» заводига пресс тур ташкил этилди. Пресс турда журналистлар заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжири билан танишиш имконига эга бўлди.

Ўзбекистон олтин саноати соҳасида катта имкониятларга эга. Мамлакат олтин захиралари бўйича дунёда 4-ўринни ва олтин қазиб олиш бўйича 7-ўринни эгаллаб турибди. Бу тенденцияни тўғри англаган ҳолда «Асакабанк» АЖ олтин ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш мақсадида «FONON» брендига маблағ ажратди.
«FONON» бренди 2020 йилда «Gold Moon Tashkent» МЧЖ томонидан яратилган, лойиҳа «Aсакабанк»нинг йирик молиявий лойиҳаси ҳиcобланади. Ушбу бренд остида ноёб заргарлик санъати асарлари италян ва бошқа етакчи хорижий технологиялар асосида ишлаб чиқарилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 28,3 миллион доллар, унинг 20,8 миллион долларини «Aсакабанк»нинг кредит маблағлари ташкил қилади.
«Банк томонидан ажратилган маблағ корхонанинг ишлаб чиқариш, маъмурий ва савдо бўлимларини реконструкция қилиш учун сарфланган», – дея маълумот берди «Асакабанк» вакили Азиз Маннонов.
«Заводда дунёнинг энг илғор технологияларидан фойдаланилади...»
«Gold Moon Tashkent» МЧЖ раҳбари Жасур Рузаевнинг пресс тур давомида маълумот беришича, завод энг замонавий усулда жиҳозланган, технологияларнинг 95 фоизи Италия давлатидан келтирилган.

«Сабаби ҳозир заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш йўналишидаги энг илғор технологиялар Италияда ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, Германия ва Туркия технологияларидан ҳам фойдаланамиз.
Заводнинг ҳудуди 3185 квадрат метр ҳудудни қамраб олган, ишлаб чиқариш жараёни 21 та бўлимда олиб борилади. Ҳар бир бўлимда ўзига хос операциялар олиб борилади. Ҳозир 4 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Булар: қуйма моделлар, автоматик тарзда тўқиладиган занжирлар, штамп ёрдамида ишлаб чиқариладиган заргарлик буюмлари ва ичи бўш заргарлик буюмлари», – дея маълумот берди Жасур Рузаев.
Завод олтин маҳсулотини қаердан олади?
Завод раҳбарининг қайд этишича, ишлаб чиқариш жараёни учун «Олмалиқ» ва «Навоий» кон-металлургия комбинатларидан биржа савдоси орқали олтин сотиб олади.
Ишлатилаётган тилла Ўзбекистон маҳсулоти, лекин ишлаб чиқариш жараёнида унинг ранги сариқ, тўқ сариқ, қизилга ўзгартирилиши мумкин. Ишлаб чиқариш жараёнида асосий харажат олтин маҳсулотига сарфланади, шунинг учун заргарлик буюмларининг рангидаги фарқ уларнинг нархига таъсир қилмайди.

Ишлаб чиқариш жараёни қандай ташкил этилади?
Заводдаги энг биринчи участка омбор ҳисобланади. Унда олтин маҳсулотлари сақланади ва бўлимларга босқичма-босқич йўналтирилади. Ҳар бир бўлимда ишлов берилган заргарлик маҳсулотлари кейингисига ўтказилишидан олдин лаборатор текширувлардан ўтказилади.
Завод раҳбарининг изоҳлашича, бир бўлимдан иккинчисига ўтказилаётганда олтиннинг сифати пасаймаслиги зарар. Шунинг учун ҳам маҳсулотлар жараёнда доимий сифат текишувидан ўтказилади.
Ишлаб чиқариш жараёнидаги кўплаб технологиялар – Ўзбекистон учун янгилик. Масалан, ичи бўш заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган технологиялардан шу пайтга қадар фойдаланилмаган. Сабаби бу турдаги буюмларни ишлаб чиқариш учун мураккаб кимёвий жараёнларни амалга ошириш лозим.

Автоматик тарзда тўқиладиган занжирларнинг ишлаб чиқарилиши ҳам ўзига хос. Бунда занжирни қолиплаётган техника уни бирданига бир-бирига пайвандлаб кетади. Бу эса ишлаб чиқариш муддатини қисқартиради.
Яна бир турдаги маҳсулот: қуйма заргарлик буюмлари – мумдан ясалган моделлар ҳисобланади. Бунда мум гипсли қолипга қўйилади, сўнг гипс қотиб, унинг ичидаги мум эриб чиқиб кетади, пайдо бўлган бўшлиққа тилла қуйилади. Заргарлик буюмларининг кўзлари қолипда бирданига нақшланади ва заргарлар уларни алоҳида қўйиб чиқишига ҳожат қолмайди ва вақт тежалади.

Завод қандай кадрларни танлайди?
«FONON» заводига, асосан, заргарлик соҳасида касб-ҳунар коллежини тугатган кадрлар жалб қилинган. Ҳозир ишлаётган 250 нафардан ортиқ ходимнинг 70 фоизи ёшлар ҳисобланади. Завод яқин орада тўлиқ қувватда ишлаши режалаштирилмоқда, шундан сўнг ишчилар сони 400 нафарга етиши мақсад қилинган.
Кадрлар ишга олинишида улар учун алоҳида ўқув курслари ташкил этилади. Курсларнинг муддати уларни аттестациядан ўтказган ҳолда 1 ҳафтадан 3 ҳафтагача давом этади.
Бундан ташқари, ҳозир заводда 8 нафар италиялик мутахассислар фаолият юритмоқда, улар ишлаб чиқариш, моделлар яратиш ва маркетинг соҳасини ривожлантириш учун ёрдам бермоқда.

Завод ўз келажагини қандай кўради?
«FONON» заводи нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда энг йирик ҳисобланади. Лекин бу билан имкониятларимизни жуда юқори деб баҳоламоқчи эмасман. Сабаби давлат томонидан заргарлик соҳасини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Эркин бозор мухитида ўрнимизни топиш учун ҳаракат қиламиз.
Завод тўлиқ қувват билан ишлай бошласа, ойига 500 килограмм заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган», – дея режалар ҳақида гапирди Жасур Рузаев.

Унинг маълум қилишича, вилоятларда фаолият юритадиган заргарлик дўконлари завод билан шартнома тузишмоқда. Ҳозирча чет давлатлари билан шартнома имзоланмаган, лекин Италия, Япония ва АҚШ бозори маҳсулотларга қизиқиш билдирмоқда. Завод учун қўшни давлатлар ҳам яхши бозор бўла олади, ҳозир Қирғизистон ва Қозоғистон ҳамкорликка қизиқмоқда.
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади
Мавзуга оид
12:38 / 01.01.2026
ЕТТБ Асакабанкнинг 15 фоиз акциясини сотиб олади
14:56 / 29.10.2025
Асакабанкнинг Тошкентдаги биноси 187,7 миллиард сўмга сотилди
18:59 / 22.05.2024
“Асакабанк" халқаро бизнес форумда "Йил бренди" мукофотини қўлга киритди
16:00 / 16.05.2024