Ўзбекистон | 21:29 / 09.02.2021
34018
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролари ҳам мамлакат ичида туристик йиғим тўлайдиган бўлди

Ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришга оид президент фармони эълон қилинди.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб, Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади.

Йиғим миқдорини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Маълумот учун, айни пайтда туристик йиғимни фақат хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатган жойлаштириш воситалари тўламоқда.

Маҳаллий аҳолидан йиғиладиган туристик (меҳмонхона) йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

Фармонга биноан, хорижий авиакомпанияларнинг Индонезия, Бангладеш ва Малайзия мамлакатларидан хорижий туристларнинг Ўзбекистонга саёҳатларини ташкил этишга қаратилган ҳамда «Умра+» дастури доирасидаги Ўзбекистонга авиапарвозлари, қўниш ва учиш хавфсизлиги қоидаларидан ташқари, тўсқинликсиз амалга оширилади.

Республиканинг туризм намойиши объектларини кенг тарғиб қилиш, фуқароларни бой табиий, маданий ва тарихий мерос объектлари билан таништириш ҳамда ички туризмни оммалаштиришга қаратилган (тижорат мақсадларни кўзламаган) ахборот маънавият ва маърифат масалаларига доир ахборотга тенглаштирилади.

Мавзуга оид