Жамият | 16:50 / 09.02.2021
8704
2 дақиқада ўқилади

Тўппончага ўхшаш буюмни кўрсатиб, 11 600 долларни тортиб олган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

2021 йилнинг 31 январь куни соат 18:00ларда Бахтиёр Х. чинни идишлар олди-сотдиси билан шуғулланувчи таниши, Тожикистон фуқароси Субҳонали Қ. билан Фарғона вилояти Фурқат тумани Қулбобо қишлоғида жойлашган чойхоналарнинг бирига келган.

Фото: Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, улар “Нодир” ва унинг икки нафар шериги билан кўришган ва тижорат масаласида гаплашган, сўнг “Нодир” исмли шахсга тегишли “Нексия-2” автомашинасига ўтириб, Фурқат туман Томоша қишлоғи ҳудудига келишган.

Қайд этилишича, шу вақтда “Нодир” ва унинг икки нафар шериги автомашинада ўтирган Субҳонали Қ.ни автомашинадан тушириб, Бахтиёр Х.га ҳужум қилган ҳамда қўл ва оёқлари билан уриб, унинг ёнида бўлган 400 АҚШ долларини олиб қўйган.

Бундан ташқари, бу шахслар ушбу икки фуқарони Наманган вилоятида жойлашган дарё қирғоғига олиб бориб, тўппонча кўринишидаги ўқотар қуролга ўхшаш буюмни намойиш қилган ва Субҳонали Қ.нинг ёнида бўлган 11 600 АҚШ долларини зўрлик йўли билан қўлга киритган. Улар фуқароларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишса, ўлдириб юбориш билан қўрқитган ҳамда Наманган шаҳри марказига олиб бориб, Қўқон шаҳрига қатновчи автомашинага ўтказиб юборишган.

Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Бахтиёр Х.да енгил тан жароҳатлари аниқланган, Субҳонали Қ. эса тан жароҳатлари олмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фурқат туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “б” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов тезкор ҳаракатлари натижасида “Нодир” исмли шахс Наманган вилояти Уйчи туманида туғилган, 39 ёшли Нодирбек Қ. эканлиги аниқланиб, у процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда Нодирбек Қ.нинг жиноий шерикларини ушлаш чоралари кўрилмоқда. Дастлабки тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид