Севара Норқозоқова – 33 ёшда, 4 фарзанднинг онаси. Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Қўрли қишлоғида яшайди. Турмуш ўртоғи фелдшер, ўзи эса уй бекаси.

Одатий ўзбек оилаларида бўлгани каби рўзғор ишлари, болалар тарбияси қаҳрамонимиз зиммасида. Қишлоқда эса бекалик юмушлари анчагина.

Севара Норқозоқова эрталаб соат 5:00да уйғонади. Биринчи бўлиб қиладиган иши – сигир соғиш. Оила рўзғорида 2 та сигир бор, ҳар биридан кунига 2–3 литр сут соғиб олинади.

Соғилган сут пиширилади, ивитиб қатиқ тайёрланади, махсус айлантиргич мосламага солиб ёғи ажратиб олинади. Қолган сутдан эса сузма тайёрланади.

Сигир соғиб бўлингач, нонушта тайёрлашга киришилади. Бунда ҳам уйни иситиш, ҳам чой қайнатиш учун печка ёқиш зарур. Уй бекасининг айтишича, ҳар куни 3 маҳалдан 3 та хонага печкага ўт ёқади.

Асосий ёқилғи турлари – таппи, оқ қуврай (чўл-даштда ўсадиган ёввойи ўт), тараша. Таппи баҳор-ёзда чорва гўнгидан тайёрланиб, қишга тайёрлаб қўйилади.

Чой қайнаб, уй исигач, бутун оила нонушта қилиш учун дастурхон атрофига йиғилади. Нонуштадан сўнг оиланинг ёши улуғ онахони дуо ўқийди, сўнг ҳамма – ўз юмуши билан андармон. Болалар мактабга йўл олишади. Қаҳрамонимиз эса одатдагидай рўзғор ишларини давом эттиради.

Нон учун хамир тайёрлаб, зувалалар қилинади. Бунда қайнона, овсин ҳам ёрдам беришади. Хамир ачишига бироз вақт қолгач, тандирга ўт ёқиб, нон ёпишга тайёрлаб қўйилади.