21:34 / 12.02.2021
20527

Пенсия жамғармаси Ховос тумани бўлими бошлиғи пора устида қўлга тушди. У тайинланганига бир ой ҳам бўлмаганди

8 феврал куни Сирдарё вилояти бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ховос тумани бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф.У. ўз хизмат хонасида фуқародан пора олаётганида ушланган. Бу ҳақда Сирдарё вилояти прокуратураси ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Жиноят иши ҳужжатларига кўра, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан фуқаро Х.нинг аризасига асосан, 2021 йил 8 феврал куни ўтказилган тезкор тадбирда Ховос тумани бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф.У. мансабдор шахс бўлгани ҳолда, хизмат мавқейидан фойдаланиб, фуқаро Х. умуман меҳнат стажига эга эмаслигини била туриб, юқори миқдордаги нафақага чиқиши учун унинг меҳнат фаолиятига эгалиги тўғрисидаги ҳужжатларни тайёрлаб бериш орқали уни ёшга доир нафақага чиқариб бериш эвазига 2 млн сўм пулни хизмат хонасида пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Маълум қилинишича, ушбу ҳолат бўйича 2021 йил 8 феврал куни департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан Ф.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

18 январ куни Ховос тумани бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи Файзиев Бахтиёр Садуллаевич 52 ёшида оламдан ўтгани ҳақида хабар берилганди.

Top