20:29 / 15.02.2021
6072

2020 йилда айбдорлардан 1,1 трлн сўм миқдоридаги зарар ундирилган - Бош прокуратура

Бош прокуратура ҳайъатининг 13 феврал куни бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида 2020 йилда прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдорлардан 1,1 трлн сўм миқдоридаги зарар ундирилгани ҳақида сўз борди.

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев олиб борган мажлисда прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2020 йилдаги фаолияти натижалари муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, 2020 йилда жамиятда қонунийликни таъминлаш мақсадида 96 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 122 минг фуқаронинг ҳуқуқлари тикланган. Мажлисда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, 4800 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, 21 мингдан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилгани таъкидланган.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, прокурорлар секторларидаги 183 мингта эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган, 150 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган. Қисқа муддатда мазкур оилаларнинг қарийб 117 мингтаси ёки 84 фоизи маҳаллий кенгашлар қарорлари асосида эҳтиёжмандлар рўйхатидан ҳам чиқарилган.

Top