Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат хизматлари марказида сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари кенг кўламда расмийлаштирилгани маълум бўлди
Бош прокуратура республика бўйлаб 1300 га яқин қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари Адлия вазирлигига тегишли Давлат хизматлари маркази ходимлари орқали расмийлаштирилганини аниқлади. Жиноят ишлари қўзғатилиб, гумондорлар қамоққа олингани таъкидланмоқда.
Иллюстратив фото
Адлия вазирлигига тегишли Давлат хизматлари марказининг (ДХМ) бош мутахассиси жиноий шериклари билан 2025 йил давомида муқаддам ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган 72 нафар фуқародан 616 млн сўм пора олиб, уларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб бергани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди. Хабарда гап қайси ҳудуддаги ДХМ ҳақида кетаётганига аниқлик киритилмаган ва гумондорларнинг исми-шарифи келтирилмаган.
Қайд қилинишича, ушбу ҳолат бўйича ДХМ бош мутахассиси ва унинг шерикларига пора олиш, пора бериш, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш бўйича айблов эълон қилиниб, уларнинг барчаси қамоққа олинган ҳамда уларнинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилган.
Вазирлар Маҳкамаси маъмурий регламентига кўра, назарий ва амалий имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахслар ДХМ орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши мумкин. Бироқ, юқоридаги ҳолатда назарий ва амалий имтиҳонлардан ўта олмаган фуқароларга автомактаблар яқинида «фаолият юритувчи» турли шахслар ҳайдовчилик гувоҳномасини имтиҳон топширмасдан, сохта ҳужжатлари асосида «хақ эвазига» олиб берган.
Таъкидланишича, жиноий гуруҳ сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини икки хил усулда расмийлаштирган.
Биринчи усул: Жиноий гуруҳнинг мижоз топиш билан шуғулланувчи вакиллари фуқаролардан 500-1000 АҚШ доллари олиб, эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлбола усулда тайёрлаган. Сўнгра ДХМ ходимига пора бериш йўли билан ушбу фуқароларнинг эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномалари янги турдагисига алмаштирилган.
Иккинчи усул: Жиноий гуруҳнинг мижоз топиш билан шуғулланувчи вакиллари фуқаролардан қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси учун олинган 10 минг АҚШ долларига қадар бўлган маблағ эвазига фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд экани ҳақида ҳудудий ЙҲҲБ маълумотномаларини сохталаштириб, уларга сохта QR кодли имзоларни қўйиб, фуқароларга тақдим этган. Сўнгра, жиноий гуруҳ туман ДХМ ходимига пора бериш йўли билан ушбу фуқаролар томонидан унга сохта QR кодли маълумотномаларни тақдим этиб, янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштирилишига эришган.
Иккала ҳолатда ҳам фуқаролар жиноий гуруҳ вакилларидан сотиб олган сохта ҳужжатлар билан ДХМга гўёки ҳайдовчилик гувоҳномаларини йўқотиб қўйгани тўғрисида мурожаат қилган. Бош прокуратуранинг таъкидлашича, оқибатда 72 нафар фуқаро ҳужжатларни қалбакилаштириш ҳамда давлат ташкилоти ходимига пора бериш жиноятларига шерик бўлан.
Бош прокуратура хабарига кўра, юқоридаги ҳолатлар бўйича вилоятларда ўтказилган текширишда яна 1200 дан ортиқ шундай ҳолат аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган. Қайд қилинишича, Тошкент шаҳрида 440 та, Навоий вилоятида 265 та, Сурхондарё вилоятида 205 та, Самарқанд вилоятида 146 та, Қашқадарё вилоятида 33 та, Сирдарё вилоятида 20 та, бошқа вилоятларда 100 дан ортиқ қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланган.
Таъкидланишича, ҳозир барча фуқароларнинг қалбаки ҳужжатлар асосида қўлга киритган ҳайдовчилик гувоҳномалари бекор қилинган ва ҳужжат қалбакилаштирган ҳамда ушбу қалбаки ҳужжатларни сотиб олган фуқароларнинг ўзини ҳам жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Мавзуга оид
17:24 / 06.09.2025
Ўтган йили 900 мингга яқин иш ўрни ҳисоботларга қўшиб ёзилган — Бош прокурор
11:40 / 02.07.2024
Ҳайдовчилик гувоҳномасини онлайн расмийлаштириш имконияти яратилди
12:46 / 01.05.2024
Тошкентдаги барча туман ДХМда хизмат кўрсатишда вақтинчалик узилишлар бўлади
10:48 / 11.04.2024