20:57 / 15.02.2021
10628

Ўзбекистондан Хитойга мош экспорти бир йилда уч бараварга ошди

Хитойга мош экспорти ҳажми уч бараварга кўпайиб, 2019 йилдаги 28 минг тоннадан 2020 йилда 75 минг тоннагача ошди.

Хитой бозорида соя, яшил мош, ловия, ясмиқ ва бошқа дуккакли ўсимликлар маҳсулотлари кенг тарқалган бўлиб, уларга талаб ҳам борган сари ортмоқда. Хусусан, мош ҳар бир хитойликнинг овқатланиш  рационига киритилган.

Мамлакатнинг ўзида етиштириладиган ҳосилнинг аҳоли эҳтиёжларини таъминлашга етмаслиги туфайли Хитой бошқа мамлакатлардан мош импорт қилади. Асосий таъминотчилар Мянма, Ўзбекистон, Индонезия, Австралия ва Таиланддир. Мошнинг йиллик истеъмол ҳажми йилдан-йилга ўсиб бормоқда: агар 2018 йилда ушбу маҳсулот 89 минг тоннани ташкил этган бўлса, 2019 ва 2020 йилларда бу кўрсаткич 113 минг тонна ва 205 минг тоннани ташкил этди. 

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси буни инобатга олган ҳолда маҳаллий мошни Хитой бозорида фаол тарғиб қилмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Хитойга ташрифи доирасида Ўзбекистон ўсимликлар карантини бўйича Давлат инспекцияси ва ХХР Бош божхона бошқармаси ўртасида "Ўзбекистондан Хитойга мош экспорт қилиш бўйича фитосанитария талаблари тўғрисида”ги протокол имзоланганди.

Мазкур протоколнинг имзоланиши ўзбекистонлик тадбиркорларга Хитойга яшил мош экспортини янада оширишга янги имкониятлар эшикларини очиб берди.  

Ўтган уч йил мобайнида элчихона Ўзбекистон Давлат карантин хизматига Хитой Халқ Республикасининг тегишли идораларида экспортчи корхоналар рўйхатини шакллантириш ва мувофиқлаштиришда фаол ёрдам кўрсатди.

Ўзбекистонлик мош етиштирувчилар ҳам зарур саралаш ва тозалаш ускуналарини ҳамда замонавий лабораторияларни ишга туширдилар. 2021 йилнинг февраль ойида Хитой маҳаллий бозорига экспорт қилиш ҳуқуқини қўлга киритган ўзбекистонлик мош етиштирувчи субъектлар сони 54 тага кўпайди.

Сўнгги икки йилда ўзбек мош экспортининг ҳажми уч бараварга кўпайиб, 2019 йилдаги 28 минг тоннадан 2020 йилда 75 минг тоннагача ошди. Шу билан бирга, Хитой импорт қиладиган ушбу маҳсулот умумий ҳажмида Ўзбекистоннинг улуши 26 фоиздан 36,5 фоизга етди.

Шуҳрат Умиров,
“Дунё” АА мухбири Пекин

Top