Иқтисодиёт | 19:49 / 16.02.2021
4857
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда табиий газни биржа савдоларида сотиш механизми яратилади

Республикада табиий газни бозор механизмлари асосида биржа савдоларида реализация қилинишини йўлга қўйиш бўйича хорижий биржалар тажрибаси ўрганилмоқда.

UZEX биржа бош маклери Мансур Тўйчиев АОКАда ўтган матбуот анжуманида бир қатор маҳсулотларни биржа савдо операцияларига жалб қилиш кўзда тутилаётгани ҳақида маълумот берди.

«Жорий йилда биржа савдо операцияларини янада кенгайтириш мақсадида ПВХ маҳсулотлари, этил спирти ва бошқа товарларни жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, табиий газни ҳам бозор механизмлари асосида биржа савдоларида реализация қилинишини йўлга қўйиш бўйича хорижий биржалар тажрибаси ўрганилмоқда», – деган у.

Аввалроқ, Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 июнига қадар табиий газни юридик шахсларга бозор тамойиллари асосида сотиш механизми ишлаб чиқилиши хабар қилинганди. Бу президент фармони билан тасдиқланган 2021 йилги давлат дастурига киритилгани айтилган. 

Шунингдек, жорий йилнинг 10 мартига қадар суюлтирилган газни бозор тамойиллари асосида сотиш механизмини жадаллаштириш ҳам белгиланган.

Бундан ташқари, яқин келажакда замонавий товар деривативлари бозори, яъни фьючерс бозорини ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.

«Таъкидлаш лозим, буни ривожланган давлатлар мисолида кўрадиган бўлсак, товар деривативлари бозори биржа савдоларининг  энг асосий қисмини ташкил қилади.  Ҳозирда йирик хорижий товар биржалари-Нью Йорк, Сингапур, Дубай биржалари тажрибалари ўрганилмоқда ҳамда бу бўйича хорижий экспертлар жалб қилинган», – дея қайд этган Мансур Тўйчиев.

Маълумот учун, 2019 йил февраль ойида «Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси» АЖ Фьючерс бозорлари ассоциациясининг тўла ҳуқуқли аъзосига айланганди (Association of Future Markets, AFM).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрда қабул қилинган «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда тадбиркорларни, айниқса, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини бозор нархларининг ноқулай ўзгариши оқибатларидан муҳофаза қилиш имконини берувчи товар деривативлари, яъни фьючерс шартномаларини жорий этиш бўйича вазифалар белгиланган.

Фьючерс бозори иштирокчилари келажакдаги вақт оралиғида товар ва хизматларни сотиб олиш бўйича шартнома тузади. Бунда харидор кафолатланган нархда товар сотиб олиш ҳуқуқини қўлга киритса, тадбиркор ишлаб чиқариш режасини узоқ муддатга туза олиши мумкин бўлади.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид