Ўзбекистон | 20:32 / 16.02.2021
15263
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Aбай кўчасида кўп қаватли уйлар орасидаги қурилиш тўхтатилди. Шаҳар ҳокими қарори бекор бўлиши кутилмоқда

Пойтахт марказидаги Абай кўчасига туташ 13-мавзеда, 11- ва 13-уйлар оралиғида кетаётган қурилиш ишлари тўхтатилди. Тез кунларда қазилган котлован кўмилиб, ўрнида болалар ўйин майдончалари қурилади.

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани 13-мавзеда жойлашган иккита беш қаватли уйларнинг ўртасидаги 20 сотихли бўш ерда, амалдаги ШНК талабларига зид равишда бунёд этилаётган кўп қаватли уй қурилиши тўхтатилди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори бекор бўлиши кутилмоқда, деб хабар берди Kun.uz мухбири.

Kun.uz январ ойида «Шайхонтоҳурда ҳам «домлар ичра дом» қурилмоқда. Aҳоли норозилиги инобатга олинмади» номли танқидий мақола эълон қилган эди:

Маълум бўлишича, бугун, 16 феврал куни Шайхонтоҳур туман прокуратураси, туман ҳокимлиги ва ИИБ вакиллари қурилиш ишларидан норози бўлаётган аҳоли билан учрашган.

Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Беҳруз Ҳакимовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, тадбиркорга мазкур ҳудуддан ер ажратиш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори бекор бўлиши кутилмоқда.

«Aҳолининг норозилиги сабаб қурилиш ишлари тўхтатилди. Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори юридик жиҳатдан бекор қилинишини кутяпмиз. Чунки бу туманнинг ваколатига кирмайди.

Шаҳар ҳокимининг қарори бекор бўлиши билан ҳудудда қазилган жойлар қурувчи томонидан тўлдирилиб, атрофи ўраб олинган тўсиқлар олиб ташланади ва ҳудуд ободонлаштирилади. Мазкур бўш ер майдонида шаҳар ҳокимининг топшириғи билан болалар майдончаси ва спорт майдончалари қурилади», – деди Беҳруз Ҳакимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Мавзуга оид