Ўзбекистон | 20:23 / 16.02.2021
7720
3 дақиқада ўқилади

Йилига 30-40 нафар ҳарбий хизматчи касаллиги туфайли хизматдан бўшатилаётгани маълум қилинди

Тошкент тиббиёт академияси қошидаги Ҳарбий тиббиёт факультети кафедра мудири, тиббий хизмат полковниги Носир Фозилов ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғига эътибор кучайтирилгани сабабли касаллиги учун ҳарбий хизматдан бўшатиш ҳолатлари камайгани, йил давомида 30-40тача ана шундай ҳолат кузатилаётганини маълум қилди.

«Ҳарбий хизмат давомида ҳарбий хизматчи бирор касаллик орттириб олиши мумкин. Шу касаллиги туфайли у хизматни давом эттиролмайди. У ўзидан-ўзи касал бўлиб қолгани йўқ. Дейлик, кимдир хизматини ўташ чоғида рўй берган қандайдир воқеалар натижаси бирор жароҳат олади ва шунинг оқибатида ҳарбий хизматга яроқсиз бўлиб қолади. Бундай вазиятда у касаллик туфайли ҳарбий хизматдан бўшатилган тақдирда ҳарбий тиббий муассасаларда даволаниш ҳуқуқига эга бўлишади. Ҳаттоки бурчини ўташ пайтида жароҳатланган ёки бошқа бир касаллик орттириб олгани учун хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчининг фарзандлари ҳам бошқалар қатори қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишади.

Ҳозирги кунда касаллик туфайли ҳарбий хизматдан бўшатиш ҳолатлари камайган. Чунки ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғига эътибор кучайтирилган. Шу билан бир қаторда, муддатли ҳарбий хизматга чақириш ва контракт асосида ҳарбий хизматга жалб этиш жараёнида ҳам биринчи ўринда номзодларнинг соғлиғига эътибор қаратилади. Айни пайтда хизматчилар камдан кам ҳолатларда касаллиги туфайли ҳарбий хизматдан бўшатилмоқда. Йил давомида 30-40тача ана шундай ҳолат кузатилади», дея Носир Фозиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги ПҚ-4447-сон қарорига мувофиқ, соғлиғининг ҳолатига кўра бўшатилгандан сўнг ҳалок бўлган ҳамда ҳарбий хизматнинг умумий давомийлиги йигирма йил ва ундан ортиқ бўлган офицер ва генералларнинг боқувчисини йўқотган оила аъзоларида ҳарбий хизматчининг ҳаётлигида бўлганидек тиббий ёрдам кўрсатиш, санатория-курортларда даволаниш, ушбу даволаниш жойига бориш ва қайтишда транспортдан имтиёзли фойдаланиш ҳуқуқлари сақланиб қолади.

Мавзуга оид