22:49 / 17.02.2021
12854

«Қизил китоб»га киритилган Бухоро хонгулининг ўлдирилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Самарқанд вилоят прокуратураси Зарафшон миллий табиат боғида «Қизил китоб»га киритилган ноёб турдаги Бухоро хонгулининг ўлдирилгани юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Прокуратура муносабатига кўра, фуқаро Д.Д. Жомбой туман прокуратурасига мурожаат қилиб, 8 февраль куни Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида юрган вақтда мазкур боғ раҳбари ва 1-участка нозирлари буғуни отишганлигини кўрганини маълум қилган. Шунингдек, 9 февраль куни буғу сўйилган жойга бориб, унинг бўлинган калласи, териларини йиғиб уйига олиб келиб, видеотасвирга олганлигини баён қилиб, ушбу ҳолат юзасидан айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, воқеа содир бўлган жой ҳамда Зарафшон миллий табиат боғи раҳбарига тегишли автомашина кўздан кечирилган.

Текширув натижасида ҳайвонот дунёсига 36 млн 750 минг сўм зарар етказилганлиги инобатга олиниб, Жомбой туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми «ж» банди билан (Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоб»ига киритилган буғуни нобуд қилган ҳолда ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориш учун Жомбой туман ИИБ ТБга юборилди, дейилади вилоят прокуратураси хабарида.

Жиноят иши тергови Жомбой туман прокуратураси томонидан назоратга олингани айтилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолат бўйича Kun.uz га хабар берган фуқаро буғу отилганидан сўнг боғ раҳбарининг хизмат машинасига ортилиб, дарё бўйига олиб чиқилгани ва териси шилингани ҳақида айтганди

Top