Жаҳон | 17:43 / 18.02.2021
9800
2 дақиқада ўқилади

АҚШда аномал совуқда ҳукуматдан ёрдам сўраган аҳолини “дангасалар” деб атаган шаҳар мэри истеъфога чиқишга мажбур бўлди

Қор бўронидан сўнг электр ва сув таъминотисиз қолган Колорадо-Сити шаҳри аҳолисининг ёрдам сўраб қилган мурожаатига мэрнинг муносабати аҳолининг кескин норозиликларига сабаб бўлди.

Фото: Reuters

Колорадо-Сити шаҳри мэри (Техас штати) Тим Бойд аҳолига аномал совуқ оқибатларига қарши ўзлари курашишлари ва ҳокимият ёрдамига умид қилмасликларини тавсия қилганидан сўнг истеъфога чиқди. Бу ҳақда NBC телекомпанияси хабар берди.

"Сиз ёки оилангиздан ҳеч кимнинг ҳеч қандай қарзи йўқ, сизларни бундай оғир пайтда қўллаб-қувватлаш маҳаллий ҳокимиятнинг мажбуриятига кирмайди!" – деб ёзган Бойд Facebook саҳифасида. У шунингдек, совуқ ҳаводан шикоят қилганларни бировларнинг ёрдамига ўрганиб қолган дангасалар деб атаган. Кейинроқ бу сўзлар ижтимоий тармоқдан ўчириб ташланган. 

Қор бўронидан сўнг электр ва сув таъминотисиз қолган Колорадо-Сити шаҳри аҳолисининг ёрдам сўраб қилган мурожаатига мэрнинг бундай муносабати аҳолининг кескин норозиликларини келтириб чиқарди. Натижада у истеъфога чиқишга мажбур бўлди, деди шаҳар бошқарувчиси Дэвид Гувер.  

Охирги маълумотларга кўра, қор бўрони оқибатида Техаснинг 3,2 миллионга яқин аҳолиси электрсиз, уларнинг 260 минг нафардан ортиғи сувсиз қолган. Штатнинг катта қисмида аномал совуқ ҳаво сақланиб турибди.

Чоршанба куни ноқулай об-ҳаво шароити сабабли 2,3 мингга яқин ички ва халқаро авиарейслар бекор қилинган.

Маҳаллий телеканалларнинг хабар беришича, электр таъминотисиз қолган одамлар машиналарида исинишга уринмоқда. Дўконларнинг бир қисми электр йўқлиги учун ишламаяпти. Федерал ҳукумат қор бўронлари ва совуқ ҳаводан азият чекаётган штатларга ёрдам бериш бўйича чоралар кўрмоқда, деб маълум қилган АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис.

Мавзуга оид