Жаҳон | 21:52 / 18.02.2021
4664
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда бўш шприцлар билан эмлаш ҳолатлари қайд этилмоқда 

Бразилия полицияси тиббий ходимлар одамларни коронавирусга қарши эмлашда фирибгарлик қилаётганлари юзасидан аҳолидан тушган шикоятлар бўйича тергов бошлади. The Guardian нашрининг хабар беришича, Бразилиянинг 4та штатида эмлашни бўш шприцлар билан ўтказиш ҳолатлари қайд этилган.

Фото: Getty Images

Маҳаллий ОАВда бундай эмлаш “ҳаво билан эмлаш” деб номланмоқда. 

Таъкидланишича, полиция ҳамширалар эмлашга қарши фитна назарияси тарафдорлари бўлиши мумкинлиги ёки вакциналарни “қора бозор”да сотиш мақсадида ўғирлаётганлари ҳақидаги гаплардан кейин тергов бошланишини эълон қилган. 

“Дастлаб бу ягона ҳолатдек кўринди, бироқ бундай ҳолатлар бир нечта жойда кузатилаётгани хавотирлидир”, деб айтган эпидемиолог Карла Домингус. 

“Бу тиббий ходимлар ёки ёмон ўқитилган, ёки буни ғараз ниятда содир этган. Иккала ҳолатда ҳам бунга йўл қўйиб бўлмайди”, деб қўшимча қилган мутахассис.

Эпидемиолог, шунингдек, вакциналарнинг тақсимланиши дастурини танқид қилиб, уни “мутлақ бетартиб” деб атаган.

Рио-де-Жанейро штати полицияси агар вакциналар ноқонуний ўзлаштирилган бўлса, бунга алоқадор одамлар 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлигини маълум қилган.

Аввалроқ Бразилиянинг Globo ахборот порталида ҳамшира эмлаш учун ихтисослаштирилган объектда 94 ёшли аёлга бўш шприц билан эмлашни амалга ошираётгани видеоси эълон қилинган. Видео тарқалиб кетгач, ҳамшира ишдан бўшатилган ва ушбу ҳолат юзасидан тегишли идоралар томонидан тергов бошланган.     

Бразилияда коронавирусга қарши эмлаш кампанияси 18 январдан бошланган. Айни вақтда эмлашда Хитойнинг Sinovac Biotech ва AstraZeneca британ-швед компанияларининг вакциналари қўлланмоқда. Охирги маълумотларга кўра, вакцинанинг биринчи дозасини 5,5 млн бразилиялик (умумий аҳолининг 2,6 фоизи) олиб бўлган. 300 мингдан кўпроқ кишига эса вакцинанинг икки дозаси ҳам киритилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид