23:28 / 18.02.2021
8772

Шавкат Мирзиёев Намангандаги малака ошириш маркази ва мономарказни бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги «Art soft holding» ширкатининг илмий-амалий малака ошириш маркази ҳамда «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти билан танишди.

Президентнинг 2020 йил 11 августдаги «Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, барча ҳудудларда шундай марказлар ташкил этилмоқда.

«Art soft holding» маркази тўқимачилик соҳасига ихтисослашган. Бу ерда 12 та ишчи касблар бўйича йилига 2 мингдан зиёд мутахассис тайёрланади.

Унинг ёнида жойлашган мономарказда 9 та соҳанинг 27 хил йўналиши бўйича йилига 3 минг нафардан зиёд аҳоли ўқитилади. Бу йўналишлар меҳнат бозори талабларини ўрганиш асосида ташкил этилган. Ўқув ва машғулот хоналари зарур асбоб-анжом, станок, компьютер, муляж ва бошқа амалиёт ускуналари билан таъминланган.

«Муҳим томони шундаки, марказ давлат-хусусий шериклик тизимида ишлайди. Машғулотларни амалиётчи усталар, тадбиркорлар олиб боради. Давлат шароит яратиб, илмий-ишлаб чиқариш жиҳатидан таъминлайди, тадбиркорлар эса ўзлари ўқитган ёшларни ишга олади. Яъни, бу ерда касб ўрганган йигит-қизлар ишсиз қолмайди.

Марказда ахборот технологиялари ва хорижий тиллар ҳам ўргатилади. Хусусан, IT-мутахассислар онлайн хизматлар кўрсатиб, яхши даромад топмоқда», – дейилади расмий хабарда.

Президент марказда яратилган шароитлар билан танишди; мураббийлар, касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

Шавкат Мирзиёев шу ерда оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

Top