Жамият | 15:16 / 18.02.2021
5557
5 дақиқада ўқилади

Суд «Самарқанд ҲЭТК» АЖ каттақўрғонлик тадбиркорларга 420 миллион сўм тўлаши ҳақида қарор чиқарди. Жамият қарордан норози

«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Каттақўрғон туманида фаолият кўрсатган тадбиркорларга 420 миллион сўмдан ошиқроқ маблағ тўлаб беради. 2020 йил 19 ноябр тунда жамият ҳеч бир огоҳлантиришсиз тадбиркорларнинг иссиқхоналарини электр таъминотисиз қолдиргани учун Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг қарори шундай бўлган.

«Самарқанд ҲЭТК» АЖ суднинг қароридан норози бўлиб, Самарқанд вилоят иқтисодий судига белгиланган тартибда аппеляция берган ва унда ютқазган. Жамият ҳозирда Олий судга кассация тартибида шикоят киритган. Бу ҳақда корхона матбуот хизмати маълум қилди.

Ишдаги ҳужжатларда қайд этилишича, Каттақўрғон тумани «Алижон» МФЙда жойлашган «Kattaqoʼrgʼon Valijon parranda» МЧЖ ва «Murodullo Bobo-N.F.M.» фермер хўжаликлари полиз экинлари етиштириш учун тижорат банклардан олинган кредит ҳисобидан Хитойдан келтирилган технология асосида иссиқхона қурган.

Шундан сўнг, МЧЖ ва фермер хўжалиги «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ билан шартнома тузиб, интизомли тўловчи сифатида иссиқхона учун сарфланган электр энергияси ҳақини вақтида тўлаб келган. Аммо 2020 йил 18 ноябрдан 19 ноябрга ўтар кечаси 6 соат мобайнида таъминотчи корхона томонидан ҳеч қандай огоҳлантиришсиз электр энергияси таъминоти узиб қўйилган. Оқибатда «Kattaqoʼrgʼon Valijon parranda» МЧЖга тегишли 1 гектар майдондаги иссиқхонада етиштирилаётган помидор ва «Murodullo Bobo-N.F.M.» фермер хўжалигига тегишли 2 гектар майдондаги иссиқхонада етиштирилаётган  помидор ва бодринг ҳосиллари ҳарорат пасайиши ортидан музлаб, нобуд бўлган.

2020 йил 19 ноябр куни тадбиркорларга етказилган зарар миқдорини аниқлаш мақсадида Каттақўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари, МЧЖ ва фермер хўжалигига хизмат кўрсатувчи банк вакиллари, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, туман ИИБ бошлиғи ва яна бир қатор тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирокида далолатнома расмийлаштирилган.

Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан тадбиркорларнинг манфаатини кўзлаб, электр корхонасининг айби билан етказилган зарарни ундириш мақсадида Самарқанд шаҳар иқтисодий судига даъво аризалари киритилади.

2020 йил 30 ноябр куни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ «Kattaqoʼrgʼon Valijon parranda» МЧЖ ҳамда «Murodullo Bobo-N.F.M.» фермер хўжалигига етказилган зарар борасидаги вазиятга изоҳ берган эди. Унда МЧЖ ва фермер хўжалигининг электр таъминоти атайлаб ўчирилмагани, «Анхор» нимстанциясидан чиқувчи Т-1дан Ф-Учкунни-1-ОД-Т-110 - юқори кучланиш линиясида содир бўлган носозликлар туфайли линияда узилиш бўлгани маълум қилинган. Бундан ташқари изоҳда етказилган зарарда МЖЧ ва фермер хўжалигининг ўзи ҳам сабабчи экани, ҳар иккала тадбиркорлик субъекти электр энергиясига уланишга доир ҳужжатларга амал қилмагани сабабли экилган помидор ва бодринг кўчатларининг бир қисми зарар кўргани билдирилган эди.

Судга тақдим этилган ҳужжатларда «Kattaqoʼrgʼon Valijon parranda» МЧЖ ўз зарарини 249 миллион сўмлигини маълум қилади. Бироқ, суд низоларни қонун доирасида кўриб чиқиб, жавобгар «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖдан «Kattaqoʼrgʼon Valijon parranda» МЧЖ фойдасига 88 миллион сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилади.

«Murodullo Bobo-N.F.M.» фермер хўжалиги эса даъво аризасида ўзига етказилган зарар миқдорини 823 миллион сўм бўлганини кўрсатади. Аммо суд низоларни қонун доирасида кўриб чиқиб, «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖдан «Murodullo Bobo-N.F.M.» фермер хўжалиги фойдасига 332 миллион 577 минг 500 сўм ундириш ҳақида ҳал қилув қарорлари қабул қилади.

«Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2021 йил 18 январ куни жамият томонидан суднинг «Kattaqoʼrgʼon Valijon parranda» МЧЖ ва «Murodullo Bobo-N.F.M.» фермер хўжалиги фойдасига чиқарилган ҳал қилув қароридан норози бўлиб Самарқанд вилоят иқтисодий судига апелляция шикояти киритилган. 2021 йил 5 феврал куни ушбу иш апелляция инстанциясида қўриб чиқилиб, суднинг 2020 йил 16 декабрдаги ҳал қилув қарори ўзгартиришсиз қолдирилган.

Маълум бўлишича, ҳозирда «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» АЖ суднинг юқоридаги қарорлари устидан Олий судга кассация шикояти билан мурожаат қилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид