17 феврал куни Kun.uz «Бир жиноят изидан» кўрсатувига асосланган ҳолда Тошкентда мудҳиш жиноят содир этган гуруҳга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар қилди.

Унда 31 ёшли тадбиркорни ўлдириб, унинг жасадини бўлакларга ажратиб, чуқурга кўмиб юборган шахс ва унинг жиноий шерикларига суд ҳукми ўқилгани ҳамда жиноятчилардан бири «Зулфия» мукофоти соҳибаси Севара Абдулҳакимова экани ҳақида сўз боради.

Мавзу ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилина бошлади. Изоҳлар орасида Севара Абдулҳакимовадан мукофотини олиб қўйиш кераклиги ҳақида фикр билдирганларни ҳам кўриш мумкин. Kun.uz мухбири мавзу юзасидан мутасаддиларга мурожаат қилди.

«Бунақаси биринчи марта» — Элмира Боситхонова

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг собиқ раиси, ҳозирда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхоновага кўра, «Зулфия» мукофоти совриндорлари орасида жиноят содир этиш амалиёти биринчи бор юз бермоқда.

«Шу боис, бизда бу борада аниқ механизмнинг ўзи ҳам йўқ. Мукофотга лойиқ кўришни президент тасдиқлайди. «Зулфия» номидаги давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги президент фармонида бу кўрсатилмаган. Демак, жиноят содир этган Севара Абдулҳакимовадан ҳам мукофоти олинмаса керак», дейди Боситхонова.

Саодат Боймирзаева: «Низомда мукофот олиб қўйилиши кўзда тутилмаган»

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаевага кўра, «Зулфия» мукофоти бўйича низомда ҳам ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам жиноят содир этган қиздан мукофот олиб қўйилиши назарда тутилмаган.

«Бу мукофот ва унинг имтиёзи бир марта берилади. Севара Абдулҳакимова эса ўзига берилган имтиёздан фойдаланиб бўлган.

Бундан кейин ҳам шундай. Мукофотни олган қиз унинг имтиёзидан бир марта фойдаланади. Яъни мактаб ўқувчиси бўлса, мукофотни олгач бакалавр босқичига ўқишга имтиҳонсиз кира олади, бакалаврни битирган бўлса, магистратурага.

«Зулфия» мукофоти лауреати дегани доимий фойдаланиладиган ёки доимий имтиёз берадиган мукофот эмас.