Ўзбекистон | 20:47 / 23.02.2021
70447
3 дақиқада ўқилади

Президентдан мақтов эшитган прокурор Наманган шаҳрига ишга ўтказилди

Наманган шаҳри прокурори Баҳромжон Йўлдошев лавозимини тарк этди. Kun.uz манбаси хабар беришича, Наманган вилояти Чуст тумани прокурори вазифасида ишлаб келаётган Хуршид Толибович Одилов Наманган шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари лавозимига тайинланди.

Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида депутатларга янги прокурор таништирилди. 

Хуршид Одилов / Наманган вилояти ҳокимлиги

Хуршид Одилов 1981 йили Андижон вилоятида туғилган. 2004 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. 

2004–2018 йилларда Пахтаобод ва Асака туманлари прокуратурасида, Андижон вилоят прокуратурасида фаолият юритган, Улуғнор тумани прокурори бўлган. 

У 2018 йилдан ҳозирга қадар Наманган вилоятининг Чуст тумани прокурори лавозимида ишлаб келаётганди.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида 19 феврал куни Наманган шаҳрининг «Бунёдкор» маҳалласида хароб аҳволда ётган таянч пункти биноси учун шаҳар сектор раҳбарлари - шаҳар ҳокими Олимжон Исаев ва шаҳар прокурори Баҳромжон Йўлдошевга танбеҳ берганди.

«Бу нима аҳвол? Ишчи жой, инвестиция, баландпарвоз гаплар билан ҳисобот берасизлар. Мусорни олиб ташлаб, бу ерни оқласа бўладими? Бу ерни тартибга келтиришга ваколатингиз борку. Шу ерда тўрт йил прокурор бўлиб ишладинг. Нимага қилмайсан? Майли, маҳалла раисининг дунёқарашини кейин муҳокама қиламиз. Одамлар билан қандай учрашяпсан? Жаноб прокурор, полковниксан оғайни. Икковинг ҳам ноинсофсан, сен ва ҳоким…», деганди президент.

Хуршид Одилов эса президентнинг вилоятга ташрифи давомида ундан мақтов эшитганди.

«Чуст прокурори мени тушуняпти, менинг тилимда гапиряпти. Шундай ходимлар борлигидан хурсандман», деганди Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессияси давомида.

Бундан олдинроқ Наманган шаҳри ҳокими Олимжон Исаев ишдан олиниб, унинг ўрнини Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари Ғофир Жамолов эгаллагани хабар қилинганди.

19 феврал куни Намангандаги йиғилишда Уйчи тумани тўртлиги - хусусан, туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов ишдан кетганди. 23 феврал куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов Уйчи тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. 

Мавзуга оид