18:45 / 23.02.2021
9201

Самарқандда масъулиятсизлик учун иккита туманнинг «замҳоким»лари ишдан бўшатилди, бири ҳайфсан олди

Самарқанд вилоятида Каттақўрғон ва Самарқанд туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари масъулиятсизликка йўл қўйгани учун ишдан бўшатилган. Иштихон туман ҳокимининг ўринбосари ҳайфсан олган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинган.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, бугун Самарқанд вилояти ҳокимлигида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш масаласида йиғилиш бўлиб ўтган. Уни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўтказган. Маълум қилинишича, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ишларида масъулиятсизлик қилгани учун Каттақўрғон ва Самарқанд туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ишдан бўшатилган. Иштихон туман ҳокими ўринбосарига ҳайфсан берилган.

Қайд этилишича, Самарқанд вилоятида 379,5 минг гектар суғориладиган ерлар бор. Уларнинг сувга бўлган талаби 3,5 миллиард м³ни, вилоятга ажратилган сув лимити эса 2,2 миллиард м³ни ташкил этади. Вилоятда сув танқислиги ўртача 1 миллиард м³.

Куз-қишда ёғингарчиликнинг кам бўлиши сув захиралари камайишига сабаб бўлди. Бундай вазият сув тежовчи технологиялардан кўпроқ фойдаланишни тақозо этади. Аммо вилоятда бу масалада ҳолатни қониқарли деб бўлмайди.

Таъкидланишича, президентнинг 2020 йил 11 декабрдаги қарорига кўра, вилоятда 2021 йилда сув тежовчи технологияларни жорий этиш икки баробарга, жумладан, 38 минг гектардан ошиқ майдонни ташкил этиши керак. Аммо вилоятда бу соҳада олиб борилаётган ишларда етарлича камчиликлар бор.

Жумладан, махсус тузилган ишчи гуруҳ ҳисоботига кўра, Каттақўрғон, Ургут, Самарқанд, Иштихон, Нарпай ва Қўшработ туманларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш борасидаги ишлар ўз вақтида амалга оширилмаган. Бундан ташқари, вилоятда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш ишларига маблағ ажратиши лозим бўлган тижорат банклари ҳам сусткашликка йўл қўйган.

Top