21:37 / 23.02.2021
34223

Шавкатжон Абдураззоқов Наманган шаҳрининг ишдан олинган ҳокими ҳақида фикр билдирди

«Тадбиркор, инвестиция киритади деб, яхши ниятлар билан қўйилган. Ҳаракат қилди. [...] Лекин барибир одамнинг қобилияти, қунти, қолаверса хоҳишига ҳам кўп нарса боғлиқ», – дея Олимжон Исаевнинг ишдан олинишига муносабат билдирди Наманган вилояти ҳокими.

23 феврал куни халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши сессиясида ташкилий масала кўрилиб, унда шаҳарнинг янги ҳокими тасдиқланди.

Сессияда сўз олган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов шаҳар ҳокими лавозимидан бўшатилган Олимжон Исаев ҳақида фикр билдирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Наманган шаҳар ҳокими сифатида ишлаб келаётган Исаев Олим Ботирович эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича ариза билан мурожаат этган.

Собиқ ҳоким, собиқ раҳбарият ҳақида қисқача айтиб ўтмоқчиман. Тадбиркор, инвестиция киритади деб, ўтган йили яхши ниятлар билан қўйилган. Ҳаракат қилди... Мен келганимдан кейин ёрдам бердик, шаҳарга ўзим катта-катта маблағлар ажратиб, шаҳардаги ўзим билган муаммоларни биргаликда ҳал қилайлик деб, ўзим еталаб юриб, кўрсатиб, ўргатиб, ишлатишга ҳаракат қилдим.

Лекин барибир одамнинг қобилияти, қунти, қолаверса хоҳишига ҳам кўп нарса боғлиқ. Тўғри, пандемия пайтида ишлаш имконияти бўлмади деб озгина юрилди, лекин мен пандемия вақтида Экология қўмитаси раиси сифатида ҳамма вилоятларни айланиб чиқдим», – деди Шавкатжон Абдураззоқов.

Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов

Вилоят раҳбари Наманган шаҳрининг янги ҳокими лавозимига номзоди тавсия этилган Ғофир Жамолов ҳақида ҳам тўхталди.

«Кўп номзодлар орасидан Жамолов Ғофир Орифжонович танлаб олинди. Қисқача айтадиган бўлсам, бугунги кунда у киши Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Намаганда эскидан ишлаб келаётган кўпчилик Жамоловни танийди. Фаолиятини Наманган шаҳри ҳокимлигида бошлаган. Энг аввало, биринчи критерий шу бўлдики, Наманган шаҳрида бу йил иссиқлик тизимида жуда катта тадбирлар бўлади. Уни тушунадиган одам керак. [Ғофир Жамолов] бевосита шу соҳанинг раҳбари сифатида ишлаган одам. Қолаверса, қурилиш, умуман Иқтисодиёт вазирлигида ишлаганида дастурларни шакллантириш, мактаб, боғча, ҳаммасини дастурларга киритиш нуқтайи назаридан тажриба орттирди.

Шундан келиб чиқиб, президентимиз Наманган шаҳрига Жамолов Ғофир Орифжонович номзодини тавсия қилдилар», – деди вилоят ҳокими.

Ғофир Жамолов

Сессияда кўрсатилган номзод ҳоким лавозимига тасдиқланди.

Ғофир Жамолов 1974 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1997 йилда Наманган саноат-технология институтини, 2006 йилда Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

1997-2009 йилларда Наманган шаҳар ва Наманган вилояти ҳокимликларида турли масъул лавозимларда меҳнат қилган. 2009-2020 йилларда Иқтисодиёт вазирлиги Демография ва меҳнат бозори бўлими бош мутахассиси, бўлими бошлиғи; Уй-жой, коммунал хизмат вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

2020 йилдан шу кунга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари – уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

  • Эслатиб ўтамиз, Наманган шаҳри собиқ ҳокими Олим Исаев ўтган ҳафта президент ташрифи вақтида жиддий танбеҳ эшитганди. У билан бирга дакки эшитган шаҳар прокурори Баҳромжон Йўлдошев ҳам ишдан олинди. Унинг ўрнига Чуст тумани прокурори Хуршид Одилов тайинланди.
Top