Жамият | 11:54 / 24.02.2021
19945
4 дақиқада ўқилади

Туғилганликни қайд этиш хизматлари соддалаштирилди

Туғилганликни қайд этиш бўйича комплекс давлат хизматларининг барчасидан бир вақтда ёки айримларидан фойдаланиш имконияти яратилди.

Вазирлар Маҳкамасининг «Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида» қарорига асосан туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Маълум қилинишича, ариза берувчи ўз хоҳишига кўра ушбу комплекс хизматларнинг барчасидан бир вақтда ёки айримларидан фойдаланиши мумкин. Фақат болани доимий рўйхатга қўйиш бундан мустасно.

Янги тартибга кўра:

  • туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» ахборот алмашинуви тизими орқали болани отаси ёки онаси ёхуд васийси (ҳомийси), тутинган ота-онаси доимий рўйхатда турган манзили бўйича бир иш куни ичида рўйхатга қўяди ва ариза берувчига хизмат натижаси бўйича СМС-хабар юборади.
  • Мактабгача таълим вазирлигининг мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизими автоматик равишда болани сўровномада кўрсатилган давлат мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўяди ва ариза берувчига хизмат натижаси бўйича СМС-хабар юборади;
  • Пенсия жамғармасининг «Пенсия» ахборот тизими автоматик равишда фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини расмийлаштиради ва ариза берувчига хизмат натижаси бўйича СМС-хабар юборади. Боланинг отаси ёки онаси шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда, бола туғилгандан бошлаб 6 ой муддат ичида бир марталик нафақа пулини олиш учун «Халқ банки»нинг исталган филиалига мурожаат қилади;
  • «Халқ банки» филиали бир марталик нафақа тўловини олиш учун мурожаат қилган фуқаронинг нафақага бўлган ҳуқуқини Пенсия жамғармасига электрон сўров юбориш орқали тасдиқлайди ҳамда олдиндан молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан нафақа тўловини амалга оширади. Бунда, тўлов амалга оширилгани ҳақида маълумот ариза берувчига СМС-хабар орқали юборилади. Бир марталик нафақани олиш учун мурожаат қилган шахс бунга ҳуқуқи бўлмаса, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нафақани олиш учун бола туғилгандан бошлаб 6 ойдан кейин мурожаат қилса, ушбу нафақа аввал ота ёки онасининг бирига тўлаб берилган бўлса бир марталик нафақани тўлаш рад этилади;
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Электрон поликлиника» ахборот алмашинуви тизими она рўйхатда турган поликлиникага (рўйхатда турмаган тақдирда доимий ёки вақтинча рўйхатда турган яшаш манзилидаги поликлиникага) болани рўйхатга қўяди ва ариза берувчига рўйхатга қўйилганлиги ҳақидаги хабарни СМС орқали юборади.

Бир марталик нафақа миқдоридан қуйидаги миқдордаги маблағлар чегириб қолинади:

  • болани доимий рўйхатга қўйиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдоридаги давлат божи;
  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдоридаги герб йиғими.

Аввалроқ, 2020 йил сентябрдан бошлаб туғилганлик ҳолатига оид давлат хизматларини кўрсатиш тартиби барча ФҲДЁда жорий этилиши хабар қилинганди.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари Тошкент ва Нукус шаҳарларида, 2021 йил 1 февралдан барча вилоятлар марказларида, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб эса — бутун республика ҳудудида кўрсатилиши тасдиқланган.

Мавзуга оид