Жаҳон | 00:13 / 26.02.2021
5307
2 дақиқада ўқилади

НАТО Арманистонни эскалацияга олиб келадиган ҳаракатлардан тийилишга чақирди

Фото: AP

НАТО Арманистондаги инқироз томонларини мамлакатда вазиятнинг кескинлашишига олиб келадиган ҳаракатлардан тийилишга чақирди. Бу ҳақда 25 февралда альянс вакили Оана Лунгеску маълум қилди.

“Биз ўз шерикимиз бўлган Арманистонда воқеалар ривожини диққат билан кузатмоқдамиз. Кейинчалик кескинлашувга олиб келиши мумкин бўлган сўзлар ёки ҳаракатлардан қочиш керак. Ҳар қандай сиёсий келишмовчиликлар Арманистон конституциясига мувофиқ тинч ва демократик йўл билан ҳал қилиниши керак”, - деб ёзган Лунгеску Twitter’да.

Арманистонда қуролли кучлар бош штабининг ҳарбийлар бош вазир ва ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилмоқда деган баёноти чиқарилгандан сўнг, 25 феврал эрталабдан республика бош вазири Никол Пашиняннинг мухолифлари ва тарафдорларининг оммавий ҳаракатлари бошланди. Баёнотга қуролли кучлар бош штаби бошлиғи Оник Гаспарян, унинг ўринбосарлари, идора ва корпус раҳбарлари имзо чекдилар. Пашинян буни ҳарбий тўнтаришга уриниш сифатида қабул қилди ва бош штаб бошлиғини лавозимидан озод этиш тўғрисида қарорини маълум қилган. Мамлакат президенти Армен Саркисян конституцияга биноан бош вазирнинг таклифига кўра бош штаб бошлиғини тайинлайди ва лавозимидан озод қилади. Бироқ президент ҳали бош штаб бошлиғини лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзоламаган.

Айни пайтда, Арманистон Мудофаа вазирлиги мамлакат қуролли кучларини сиёсий жараёнларга жалб қилишга қаратилган ҳар қандай уринишларга йўл қўйиб бўлмайди деган баёнот билан чиққан.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид