Жаҳон | 08:50 / 26.02.2021
5395
2 дақиқада ўқилади

Пентагон Суриядаги Эронни қўллаб-қувватловчи кучларнинг нишонларига авиазарбалар берди

Фото: Reuters

Пентагоннинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ходими ёрдамчиси Жон Кирбининг айтишича, операция “Президент Байден АҚШ ва коалиция расмийларини ҳимоя қилишини” билдиради.

АҚШ Суриядаги эронпараст гуруҳлар нишонларига Президент Жо Байден кўрсатмаси билан авиазарбалар берди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги Пентагон раҳбарининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Жон Кирбининг баёнотига асосланиб хабар берди.

“АҚШ президенти Жо Байденнинг кўрсатмаси билан қуролли кучлар Суриянинг шарқий қисмида Эронни қўллаб-қувватловчи қуролли гуруҳлар фойдаланган инфратузилмага ҳаво ҳужумларини уюштиришди. Бу зарбалар АҚШ вакиллари ва Ироқдаги коалицияга қарши сўнгги ҳужумларга ҳамда уларга қарши бўлаётган доимий таҳдидларга жавоб”, дейилган баёнотда. Зарбалар натижасида кўплаб эронпараст гуруҳлар фойдаланган назорат пунктида жойлашган бир нечта объект йўқ қилинди.

“Ушбу муносиб ҳарбий жавоб дипломатик чоралар, шу жумладан коалиция шериклари билан маслаҳатлашувлар билан биргаликда берилди”, дейилади баёнотда. 

Кирбининг айтишича, операция Президент Байден АҚШ ва коалиция расмийларини доим ҳимоя қилишини билдиради.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид