Тиббиётни қўллаб-қувватлаш учун нима қилиш керак?
Ҳозир Ўзбекистонда тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун қилинаётган ишлар йўқ эмас, бор. Фикримча, давлат бирон соҳани ўзи ривожлантира олмаётган бўлса, уни хусусий секторга бериши керак. Шунда ривожлантиришни улар олиб кетади. Ҳозирда Тошкентда 2 мингта клиника бор ва бу жуда кўп. Давлат клиникаларини қандай ривожлантириш мумкинлиги бўйича бир ечимни айта оламан. Бу – суғурта. Суғурта тизими такомиллаштирилса, тиббиётга инвестиция киритиш учун маблағ муаммоси қисман ҳал бўлади.
Чет эл тажрибасига қарайдиган бўлсак, у ерда тиббиёт учун давлат бюджетидан катта маблағ ажратилади. Aммо бизда аҳоли кўплиги боис, тиббиётга кўп пул ажратиш ечим эмас. Ундан кўра, суғурта тизими самарали ташкил этилса, аҳоли ўзи “мен суғуртам учун пул тўлаганман”, дейди ва қаеридир оғриб қолса, хусусий клиникага ҳам бориши мумкин. Унинг чекини, пулини хусусий клиника суғурта компаниясидан олаверади.
“Аёл врач қидирамиз, аммо аёл-қизларни шифокор бўлишга тарғиб қилмаймиз”

Aёл-қиз шифокорларнинг тиббиётда етишмаслигини жуда оғриқли ҳолат деб биламан. Aсосан дояликда етишмайди. Мисол учун, рафиқангиз ҳомиладор бўлганда аёл дояларни қидириб юрасиз. Ушбу соҳада меҳнат қилаётган аёлларга молиявий томондан ҳам ёрдам бериш лозим, деб ўйлайман. Бу борада яна бир муаммо бор – ҳаммаси менталитетга бориб тақалади. Ўзимиз аёл врач қидирамиз, аммо аёлларни, қизларни шифокор бўлишга тарғиб қилмаймиз.
Ўз фаолиятим давомида икки марта аёл жарроҳлар билан гаплашганман. Улар аёл киши хирургия соҳасини танлашда кўп нарсалардан воз кечиши кераклигини таъкидлаб ўтишган. Мисол учун, операция кечки пайтга белгиланган бўлса, тунги сменаларга қолиш керак бўлади. Aйрим ҳолларда, уйда бўла олишмайди ҳам. Фикримча, бундай режимда ишлашга уларнинг турмуш ўртоғи рухсат бермайди.
“Қадриятлар устунми ёки даромад?”
Тиббиёт соҳасида 7 йил ўқиб, 3 ой ишлаганман, холос. Мана шу муддатда бу соҳа мен учун эмаслигини англаганман. Молиявий томондан эркин бўлсангиз, бемалол шифокорлик билан шуғуллана оласиз. Кўпчилик билмайдиган омиллар бор. Бу муаммо фақат бизда эмас, ривожланган давлатларда ҳам бор. Шифокорнинг асосий даромади, бемордан пул олмаётган бўлса ҳам, унинг ёзаётган ташхиси ва тавсия этаётган дорисига боғлиқ бўлади. Муайян компания, дорихона “менинг доримни тавсия беринг”, деб ўша дори сотилганда даромаддан маълум фоиз беришади. Шифокорларнинг бу ишга қўл уришига сабаб ойлик маошлари кам эканлиги, деб айта оламан. Шифокорлик - одамлар ишонадиган масъулиятли касб. Юқоридаги ҳолатда шифокор ўзига “менинг қадриятларим устунми ёки даромадми?” деб савол бериб кўриши керак. Бу ерда кураш кетади: шифокор қиммат дорига муқобил сифатида таъсир кучи бироз пастроқ, аммо даволаса бўладиган дори-дармонларни маслаҳат бериши ёки аксинча, қиммат дорилар билан даволанишни ёзиб бериши ҳам мумкин.









